Ҳамкорлик алоқалари ривожланаяпти
  • 21 Апрель 2016

Ҳамкорлик алоқалари ривожланаяпти

Бухоро шаҳрида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан бирга, тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ҳам қатнашди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўз олганлар мазкур ярмарка тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда алоҳида аҳамиятга эга эканини билдирдилар. Шу боис унга бўлган қизиқиш йил сайин кучаймоқда. Масалан, ўтган йили ушбу тадбирда 234 та корхона қатнашган бўлса, жорий йилда улар сони 250 тага етди. Ўз навбатида, намойиш этилаётган маҳсулотлар тури ҳам кўпайиб, 1450 тадан ошди.

— Шуларнинг 37 таси ўзимиздаги маҳаллий хом ашё ҳисобига ишлаб чиқарилаётган товарлардир, — дейди вилоят ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма -бошқармасининг саноатни ривожлантириш ва капитал қурилиш бўлими бошлиғи Анвар Очилов. — Тадбир корхоналараро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, у ёки бу меҳнат жамоасига ишончли шерик топишда қулай имконият яратмоқда. Айтайлик, ярмарка давомида “Бухоро электр тармоқлари” акциядорлик жамияти “Тошэлектроаппарат” хорижий корхонаси билан 3 миллиард 895 миллион сўмлик шартнома тузди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Саноат форуми якунида иштирокчилар ўртасида 47 миллиард 400 миллион сўмлик ва 7 миллион 934 минг АҚШ доллари миқдорида келишувларга эришилди.

 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn