Юртимиз банк тизимининг юксак салоҳияти
  • 21 Апрель 2016

Юртимиз банк тизимининг юксак салоҳияти

«BankExpo — 2016” IX миллий кўргазмаси иштирокчилари томонидан яна бир бор эътироф этилди

Аввал хабар қилганимиздек, пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмиталари, Ўзбекистон Банклари ҳамда Ахборот технологиялари корхоналари ва ташкилотлари ассоциациялари билан ҳамкорликда банк технологиялари, ускуналари ҳамда хизматлари «BankExpo — 2016” IХ миллий кўргазмаси ўтказилди. 

Мазкур тадбир Президентимизнинг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури, Инвестиция дастури ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида белгиланган вазифалар доирасида ташкил этилгани билан алоҳида эътиборга молик. Зеро, у мижозларни кредитлаш шартлари, механизмлари ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш тартиблари, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш даражаси билан яқиндан таништириш, аҳолининг банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек, кредит ташкилотлари фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим анжуман ҳисобланади.

Икки кун давом этган ушбу йирик форумга 48 мингдан ортиқ тадбиркорлар, хорижий инвестор ва экспертлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда аҳоли ташриф буюрган бўлса, тижорат банкларининг имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи мингдан зиёд сертификатлари ва қимматбаҳо совғалари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Шу маънода, мутахассис ҳамда тадбир иштирокчилари томонидан у “Йилнинг энг яхши кўргазмаси” сифатида  эътироф этилгани бежиз эмас. 

Кўргазма давомида меҳмонлар тижорат банклари стендларида давлатимиз раҳбарининг соҳани янада ривожлантириш борасидаги Фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқаришни молиявий қўллаб-қувватлашга доир маълумотлар билан яқиндан танишиш баробарида, ахборот технологиялари асосида кўрсатилаётган янги хизматлар, шу жумладан, депозит турлари ҳамда кредит маҳсулотларига катта қизиқиш билдиришди. Тизим фаолияти ва банкларнинг молиявий хизматлари ҳар томонлама автоматлаштирилгани, кредит ташкилотлари салоҳияти тобора юксалиб бораётганига яна бир карра  ишонч ҳосил қилдилар. 

Кеча Ўзбекистон Банклари ассоциациясида кўргазма якуни бўйича ташкилотчилар томонидан таъсис этилган номинациялар ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Унга кўра, “Тадбиркорларнинг энг яхши ҳамкори ва ишончли таянчи” номинациясида “Трастбанк” хусусий акциядорлик тижорат банки ғолиб сифатида эътироф этилган бўлса, “Хорижий кредит линияларини жалб этаётган энг яхши банк” йўналишида “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Энг яхши микрокредитлаш хизмати” йўналишида “Микрокредитбанк”, “Мижозларга сифатли хизмат кўрсатувчи энг яхши банк”  номинациясида “Ориент финанс банк”, “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи энг яхши банк”  йўналишида “Агробанк”, “Кичик бизнес субъектларининг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк” йўналишида “Қишлоқ қурилиш банк”, “Таълим муассасалари битирувчиларини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк” йўналиши бўйича “Асака” акциядорлик тижорат банки, “Энг фаол инвестицион банк” номинация-сида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк” йўналишида Халқ банки, “Ҳудудларда фаолиятини кенгайтираётган энг яхши банк” йўналишида “Asia Alliance Bank”,  “Сўров натижаларига кўра, энг кўп овоз тўплаган банк” йўналишида “Ипак йўли” банки, “Қишлоқ фаровонлигига қўшаётган ҳиссаси учун” йўналишида “Ипотека-банк”, “Инновацион ғояларни қўллаб-қувватлашга интилувчан энг яхши банк” номинациясида “Капиталбанк”, “Мижозларга масофадан хизмат кўрсатувчи энг яхши банк” йўналишида “Алоқабанк”, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг ижросида энг фаол иштирок этаётган банк” йўналишида чет эл капитали иштирокидаги “Савдогар” акция-дорлик тижорат банки энг яхши, деб топилди ва улар муносиб тақдирланди. 

— Биз Ўзбекистонда йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида муваффақиятли фаолият юритиб келаяпмиз, — дейди “КДБ Банк Ўзбекистон” (Жанубий Корея) акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ин Жу Ким. — Биласизки, дунёда ҳамон давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз кўпгина давлатлар банк тизимига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса уларнинг катта миқдорда зарар кўришига, капиталлашув даражасининг кескин пасайишига сабаб бўлаяпти. Юртингизда эса Президент Ислом Каримов томонидан соҳани ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, қолаверса, республикангиз банк тизими раҳбарияти томонидан банкларнинг барқарор ишлаши учун ички манбаларни тўлиқ жалб этиш, аҳолининг банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида ишлаб чиқилган кенг қамровли чора-тадбирлар ҳамда олиб борилаётган кучли бошқарув усули Ўзбекистон банклари кафолатли ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминламоқда. Бинобарин, Марказий банкнинг  кўмаги туфайли бизнинг банкимиз капитали ҳам, ресурс базаси ҳам йилдан-йилга ортиб бораяпти. Пировардида бир йўла  иккита нуфузли халқаро рейтинг агентлигининг “Барқарор” рейтинг баҳосини олишга муяссар бўлдик. “BankExpo — 2016” IX миллий кўргазмасида эса “Хорижий инвесторларни қўллаб-қувватловчи энг яхши банк” номинациясида ғолибликни қўлга киритдик. Албатта, ушбу муваффақиятлар аҳолининг банкимизга бўлган ишончи янада ошишига хизмат қилади. Шу маънода, Ўзбекистон банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни бошқа давлатлар молия муассасаларига ўрнак сифатида кўрсатса, арзийди. 

— Ўзбекистон — банк тизими салоҳияти юксак мамлакат, — дейди халқаро эксперт Иэн Адер. — У изчил ривожланиб, ресурс базаси йилдан-йилга кўпаяётгани, айниқса, иқтисодиётнинг таянч кучи — кичик бизнес вакилларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Жорий йилнинг биринчи чорагида ушбу йўналишда белгиланган прогноз кўрсаткичлари ўтган йилдагига нисбатан 30 фоиз ўсгани ана шундан далолат беради.  

Юртингиз банк тизими бундан кейин ҳам халқаро стандартлар талаби даражасида аҳолига барқарор, ишончли ва кафолатли хизмат кўрсатишига ишонаман. Бунга “BankExpo — 2016” IX миллий кўргазмаси мисолида гувоҳ бўлдик. 

Умуман олганда, ушбу тадбир мамлакатимиз тижорат банклари “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини бундан-да оширишга хизмат қилаётганлигини яна бир карра исботлади. 

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn