Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг муҳим омили
  • 19 Апрель 2016

Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг муҳим омили

Дунё тажрибасидан маълумки, ҳар қайси мамлакат ижтимоий ҳаётида аҳолининг бирламчи эҳтиёжи бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талабини қондириш, бу борада энг тўғри, самарадор стратегик йўлни белгилаб олиш халқ фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. 

Шу маънода, мамлакатимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ давлатимиз раҳбари томонидан ушбу соҳада белгилаб берилган йўналишлар, айниқса, бозор муносабатлари талабларига мос равишда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ҳамда таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш — бугун соҳада эришилаётган натижалар мисолида қанчалик самарадор “тадрижий тараққиёт йўли” эканлигини кўрсатиб турибди.

Бинобарин, бу борадаги ислоҳотлар аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан талабини қондириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини сақлашдек муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш имконини бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, ўтган тарихан қисқа даврда юртимиз озиқ-овқат маҳсулотларининг четдан олиб келинишига барҳам беришга муваффақ бўлди. Шунингдек, 2015 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотга сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди. Қисқача айтганда, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланган мустақил давлат даражасига эришди.

Албатта, қўлга киритган натижаларимиз жаҳон бозорининг бугунги мураккаб талаблари шароитида республикамизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини кенгайтиришга пухта замин яратмоқда. Зеро, Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида 2020 йилда бошоқли дон етиштиришни 16,4 фоиз, картошка етиштиришни 35 фоиз, сабзавотни 30 фоиз, мева ва узумни 21,5 фоиз ошириш кўзда тутилгани ҳамда бу ўз навбатида, шу турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмининг сезиларли даражада ортишига олиб келишини таъкидлаган эди.

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг яқинда эълон қилинган “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кўзда тутилган вазифаларни амалга оширишни мантиқан янги босқичга олиб чиқади.

Қарорда мамлакатимиздаги қайта ишлаш корхоналарини хом ашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил мобайнида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш, шунингдек, ташқи бозорда харидоргир ҳамда рақобатдош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш учун уларни етиштириш, ишлаб чиқариш ҳамда харид қилиш бўйича ягона тизимни шакллантириш назарда тутилган.

Бу фермер ва деҳқонларимизнинг ички истеъмол бозоридан ортган қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини тизимли равишда жаҳон бозорига чиқариш имкониятини оширади.

Қарорда белгиланганидек, 2019 йилнинг 1 январигача мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлайдиган хусусий мулк шаклидаги корхоналар, идоравий мансублигидан қатъи назар, замонавий ускуна ҳамда технологиялар олиб киришда божхона тўловидан ва бир қатор солиқлардан озод этилмоқда. Бу каби имтиёзларининг берилиши мазкур субъектларнинг бўш маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш ҳамда модернизациялаш, маҳсулот тайёрлаш ҳажмини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

Албатта, ушбу ҳуқуқий ҳужжат юртимиз тараққиётининг бугунги босқичида халқимиз турмуш даражасини янада ошириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлганлигини қайд этиш жоиз. Мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар айни пайтда Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партиялар фракциялари томонидан катта қизиқиш ва юксак кўтаринкилик руҳида ўрганилмоқда.

Олдимиздаги яна бир муҳим масала ушбу ҳужжатнинг амалиётга татбиқ қилиниши билан боғлиқ бўлиб, бунда, аввало, соҳанинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, жойларда сайловчиларга унинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ҳамда мазкур жа-раён устидан самарали парламент назоратини амалга оширишга аҳамият қаратиш зарур. Шу мақсадда қўмитамиз томонидан ҳам ушбу қарор ижроси ва унинг асосида амалдаги қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, мунтазам мониторинг қилиш юзасидан махсус чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Умуман айтганда, мазкур ҳужжат фермер ва деҳқон хўжаликлари, тадбиркорлик субъектларига янги имкониятлар яратиб бериши билан бирга, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги барқарорлигининг узвийлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик 

палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn