Мақсадли сармоялар, истиқболли лойиҳалар
  • 19 Апрель 2016

Мақсадли сармоялар, истиқболли лойиҳалар

Давлатимиз томонидан саноат субъектларини қўллаб-қувватлаш, истиқболсиз корхоналарни таркибий ўзгартириш ва молиявий соғломлаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар янги қувватларни ишга тушириш, маҳсулот турлари ҳамда ҳажмини кўпайтириш имконини бермоқда. Айниқса, бу жараёнга тижорат банкларининг кенг жалб этилаётгани ижобий самарасини кўрсатаётир. 

Хива шаҳридаги “Хоразм гиламлари” масъулияти чекланган жамияти фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади. 

Айтиш жоизки, мазкур ишлаб чиқариш субъекти инқироз ҳолатига келиб қолган “Хива Карпет” қўшма корхонаси негизида Президентимизнинг 2008 йил 18 ноябрдаги “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талабларига мувофиқ ташкил этилганди. Ўтган давр мобайнида масъулияти чекланган жамиятга молия муассасаси томонидан 11 миллиард 500 миллион сўмликдан зиёд сармоя ажратилди. Шу тариқа корхонанинг айланма маблағи шакллантирилди, зарур хом ашё базаси мустаҳкамланди. Ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ қайта тикланди. Ҳозир бу ерда 300 нафардан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракати билан биргина ўтган йилнинг ўзида “Хоразм гиламлари” ёрлиғи остида 12 миллиард 814 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланди. Шунингдек, харидорларга 15 миллиард 377 миллион сўмлик халқ истеъмоли моллари етказиб берилди.

— Корхонамизда технологияларни модернизация қилиш юзасидан ҳам изланишлар олиб бораяпмиз, — дейди МЧЖ раҳбари Эгамберган Машарипов. — Бу мақсадлар учун 487 миллион сўмлик сармоя йўналтирдик. Шу тариқа қувватларни оширишга эришдик. Жорий йил охиригача 14 миллиард 624 миллион сўмлик саноат товарлари ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. “Сифат — корхона кўзгуси”, деб бежиз айтишмайди. Бу борадаги интилишларимиз бесамар кетмади. Экспортга чиқиш учун талаб этиладиган -халқаро сифат сертификатига эга бўлдик. Айни пайтда маркетинг бўлимидаги мутахассислар ташқи бозордаги талаб ва таклифни чуқур таҳлил қилишмоқда. Тез орада хорижлик буюртмачиларга ҳам Хоразм гиламларини етказиб бера бошлаймиз.

Яқинда корхонада яна бир янгиликка қўл урилди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида тасдиқланган Хоразм вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида йилига 4 минг тонна калава ип ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги лойиҳа амалга оширилди. Пировардида 100 та қўшимча иш ўрни вужудга келди.

Қувонарлиси, янги тармоқ шарофати билан жорий йилда 3 миллион АҚШ долларилик маҳсулотни экспорт қилиш кўзда тутилмоқда. Ҳозир хорижлик мижозлар билан бу борада музокаралар олиб борилаяпти. 

Умуман, вилоятда молиявий соғломлаштиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар “Хоразм гиламлари” корхонасига ҳам имкониятлар эшигини кенг очиб берди. Унинг жамоаси ҳам бошқа ишлаб чиқарувчилар қатори иқтисодиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилмоқда.

 

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ 

олган суратлар. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn