Бебаҳо мерос, мафтункор табиат, қулай инфратузилма
  • 19 Апрель 2016

Бебаҳо мерос, мафтункор табиат, қулай инфратузилма

сайёҳлик равнақида муҳим аҳамиятга эга.

Пойтахтимизда “Дам олиш дунёси” IV халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси очилди.

Мазкур нуфузли тадбир “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ҳамда “Буюк Ипак йўли” реклама агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўмагида ташкил этилди.

Унда мамлакатимиздан ташқари, Хитой, Франция, Испания, Малайзия, Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд, Вьетнам, Чехия ва Мальдив каби давлатлардан 200 дан зиёд фирма ҳамда компаниялар вакиллари қатнашмоқда.

Юртимизда Президентимиз раҳнамолигида туризм индустриясини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилгани, тарихий обидаларни тиклаш, асраб-авайлаш, улуғ аждодларимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, шаҳару қишлоқларимизда инфратузилма объектларини такомиллаштириш борасида ибратли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари ташкил қилиниб, уларда юксак сифатли хизмат турлари йўлга қўйилаётир. Айни пайтда мамла-катимизда 530 дан ортиқ туроператор ҳамда агентлик, 430 та меҳмонхона фаолият юритмоқда.

 Янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилиб, транспорт коммуникациялари такомиллаштирилаётгани ҳам диққатга сазовордир. Масалан, ўтган давр мобайнида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Фарғона ва Навоий шаҳарлари аэропортлари модернизация қилинди ҳамда бугун юртимиздаги барча аэропортга халқаро мақом берилди. Миллий авиакомпаниямиз эса энг сўнгги русумдаги “Эйрбас” ва “Боинг” авиалайнерлари билан таъминланган. Ушбу самолётлар Европа, Осиё, Яқин Шарқ ҳамда Шимолий Американинг кўплаб шаҳарларига парвозларни амалга ошираяпти. Қолаверса, “Тошкент — Самарқанд”, “Тошкент — Қарши” йўналишлари бўйлаб Испаниянинг “Тальго” компаниясида ишлаб чиқарилган, юқори тезликда ҳаракатланадиган замонавий “Afrosiyob” электр поездларининг қатнови йўлга қўйилган. Бу эса диёримизга ташриф буюраётган чет эллик меҳмонлар сонини сезиларли даражада оширишга хизмат қилаётир.

Республикамиздаги 5 та олий ўқув юрти, жумладан, Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг Тошкент филиали, шунингдек, 11 касб-ҳунар коллежида соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрланаяпти.

Мана шундай кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида Ватанимизнинг гўзал табиати, муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари ва файзли гўшалари дунё аҳлини тобора ўзига мафтун этмоқда. Албатта, бунда мамлакатимиздаги мустаҳкам тинч-лик ҳамда барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити муҳим омил бўлаётир.

“Дам олиш дунёси” халқаро кўргазмасини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий ҳамда хорижий туроператорлар, агентликларга баҳор — ёз мавсуми учун ўз туристик маҳсулотлари бўйича таклифларни илгари суришларига кўмаклашиш, мижозлар билан шартномалар тузиш, туризм бозорига оид стратегик режалар ишлаб чиқиш учун имконият яратишдан иборатдир.

Анжуманда республикамизнинг сайёҳлик салоҳияти, таклиф қилинаётган хизматлар, тарихий осориатиқалар акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандчилиги буюмлари, фотоэкспозициялар, гўзал табиатимиз, спорт туризми, авиатранспорт, суғурта ва банк хизматларига оид кўплаб маълумотлар билан танишиш имконияти мавжуд.

Форумнинг биринчи иш кунида ўтказилган “Ўзбекистонда тиббий туризмни ривожлантириш ҳолати ва истиқболлари” мавзуидаги илмий-амалий конференцияда юртимизда тиббий туризм салоҳиятини юксалтириш, тоғ ҳамда тоғолди ҳудудларида санаторий-курортлар тизимини кенгайтириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самаралари ҳақида фикр юритилди.

Кўргазма доирасида, шунингдек, “Hosted Buyers” (“Профессионал харидорлар”) дастури кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаяпти. У хорижий компаниялар раҳбар ва менежерларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик йўналишлари билан яқиндан танишиш, ўзаро манфаатли шартномалар тузишда айни муддаодир.

Халқаро кўргазма давомида “Ипак йўли лаззати” миллий таомлар фестивали, сайёҳлик фирма ҳамда компанияларининг тақдимотларини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

 

Саиджон МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn