Муқобил энергия — юқори самарадорлик гарови
  • 16 Апрель 2016

Муқобил энергия — юқори самарадорлик гарови

Кеча Тошкент шаҳрида “Green Forum — 2016” илмий-техникавий форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида ташкил этилган мазкур тадбирда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, юртимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотларнинг вакиллари қатнашди.

Тадбирда таъкидландики, Ўзбекистон иқтисoдиётидa aмaлгa oширилaётгaн янгилaниш ҳамда ўзгaришлaр саноат тармоқларига “яшил иқтисодиёт” тамойилини жорий қилиш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили бўлган энергетика тизимини модернизациялаш, энергия олишнинг муқобил йўлларини излаб топиш борасида ҳаётга изчил татбиқ этилаётган ислоҳотлар самарадорлиги кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Дарҳақиқат,  юртимизда электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш суръатлари оширилиши баробарида, мазкур жараёнда фойдаланиладиган табиий ресурслар сарфини камайтириш мақсадида муқобил энергияни кўпроқ қўллаш пайидан бўлинмоқда. Бу углеводород хом ашёсини тежаш билан бирга, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, экологик барқарорликка эришиш имконини бераётир.

Президентимизнинг 2015 йил 5 майдаги қарори билан тасдиқланган 2015 — 2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда энергия ҳажмини қисқартириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Негаки, унда маҳсулот тайёрлаш чоғида ишлатиладиган энергия сарфини қисқартириш, бунинг учун тежамкор ускуна ҳамда мосламалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бино ва иншоотлар қурилишида энергия самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш, улардан саноат усулида фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг ижроси таъминланаётгани туфайли эса тизимда муайян ютуқлар қўлга киритилаяпти.

Форумда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, ноанъанавий энергия ресурслари, жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланиш учун Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудида табиий имкониятлар мавжуд. Шу боис турли қувватлардаги фотоэлектрик станциялар, қуёш энергияси билан сув иситадиган қурилмалар ишлаб чиқариш ўзлаштирилаяпти. Хусусан, ўтган йили Наманган вилоятининг Поп туманида 130 киловатт қувватга эга бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. 

Айни пайтда мазкур станцияда тажриба-синов ишлари олиб борилаётир. Унинг натижалари 2020 йилгача фойдаланишга топшириш режалаштирилган, ҳар бири 100 мегаватт қувватга эга яна учта қуёш электр станцияси учун қимматли манба бўлиб хизмат қилади. 

Тадбирдан кўзланган мақсад ҳам иқтисодиёт тармоқларига энергия тежовчи технологияларни кенгроқ жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг ҳозирги аҳволи ва унинг истиқболларини муҳокама қилишдан иборатдир. 

— Юртингизда энергиядан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий асоси яратилгани, муқобил энергия ишлаб чиқариш, уни етказиб бериш ҳамда саноат тармоқларида кенг қўллаш йўлидаги кўламли саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга молик, — дейди Осиё тараққиёт банкининг энергия самарадорлиги масалалари бўйича эксперти Кейжу Мицухаши. — Бутун дунёда долзарб бўлиб турган бундай лойиҳалар ижросида ОТБ ҳам фаол иштирок этиб, жами капиталининг 26 фоизини айнан энергетика соҳасига йўналтирмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистонда ушбу йўналишда ҳаётга татбиқ қилинаётган бир нечта йирик лойиҳани молиялаштиришда қатнашаяпмиз. Бугунги форум эса ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. 

Чиндан ҳам, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти тизимидаги объектлар босқичма-бос-қич модернизациялаштирилиб, тежамкор технологиялар билан жиҳозланмоқда. Бундан таш-қари, қуёш, шамол, биогаз каби муқобил энергия манбаларини ривожлантириш, интеграциялашган қуёш иссиқлик электр станцияларини жорий этиш бўйича амалий ишлар олиб борилаяпти. Бу жараёнда Савдо-саноат палатаси хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, илмий ҳамда бизнес доиралар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳа учун мутахассислар тайёрлашга яқиндан кўмак бериб келаётгани алоҳида тилга олинди. 

Форумда энергетика соҳаси олдида турган устувор вазифалар, унинг истиқболли йўналиши ҳисобланган муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни янада такомиллаштириш каби долзарб масалалар қамраб олинган қатор маърузалар тингланиб, муҳокама этилди. Якунда иқтисодиёт тармоқлари, хусусан, саноатда қайта тикланувчи энергияни кенг қўллаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. 

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn