Имконият, изланиш ва рағбат
  • 05 Апрель 2014

Имконият, изланиш ва рағбат

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.Бугунги кунда иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқариш субъектларини модернизация қилиш, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси кўзга яққол ташланмоқда.

Бинобарин, бу саъй-ҳаракатлар ички бозорни замонавий ва харидоргир маҳсулотлар билан бойитишда айни муддао бўлаётир. Ўтган йили Фарғона шаҳрида иш бошлаган “Фарғона Турон текстиль” масъулияти чекланган жамияти фаолияти бунга мисол бўла олади. Гап шундаки, деярли инқироз бўсағасига келиб қолган мазкур хўжалик субъекти иқтисодий соғломлаштириш мақсадида “Турон”  очиқ акциядорлик тижорат банки ихтиёрига берилгач, жамоанинг ишлари юришиб кетди. Банк томонидан корхонани замонавий асбоб-ускуналар билан қайта жиҳозлаш мақсадида 11 миллион 986 минг евро миқдорида сармоя йўналтирилди. Натижада корхона Германиядан келтирилган энг илғор тўқимачилик, тароқлаш ва бўяш техникалари билан тўлиқ жиҳозланди. Ишлаб чиқариш цехлари қайта таъмирланиб, ишчи-ходимларга қулай меҳнат шароити яратилди.
Айни пайтда тўлиқ қувват билан ишлаётган корхонада 520 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотларнинг 85 фоизи экспортга йўналтирилаётгани, айниқса, диққатга сазовордир. Жумладан, жамоа ўтган йилда қиймати 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган маҳсулотларни чет эллик буюртмачиларга етказиб берди. Агар дастлабки ойларда унинг маҳсулотларига битта давлат ишбилармонлари харидор бўлганини, вақт ўтиб уларнинг сони ортиб бораётганини инобатга олсак, корхона фаолияти келгусида янада кенгайиши ойдинлашади. Жамият мутахассислари, ишчи-ходимлари мамлакатимизда тадбиркорликка қаратилаётган эътибор ва яратиб берилган имкониятдан оқилона фойдаланган ҳолда, иқтисодиётимизни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида астойдил меҳнат қилишмоқда.


Набижон СОБИРОВ ,

«Халқ сўзи» мухбири.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn