Ўзбекистон банк тизими: Барқарор фаолият, мустаҳкам кафолат
  • 14 Апрель 2016

Ўзбекистон банк тизими: Барқарор фаолият, мустаҳкам кафолат

Пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида банк технологиялари, ускуналари ва хизматлари бўйича “BankExpo — 2016” IX миллий кўргазмаси 

ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмиталари, Ўзбекистон Банклари ассоциацияси каби қатор ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу кўргазма Президентимизнинг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури, Инвестиция дастури ҳамда Ёшларга оид давлат сиёсатида белгиланган вазифалар доирасидаги энг муҳим анжуманлардан биридир. Чунки у мижозларни кредитлаш шартлари, молиявий хизматлар кўрсатиш тартиблари, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш даражаси билан яқиндан таништириш, аҳолининг банкларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, кредит ташкилотлари фаолияти самарадорлигини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, мамлакатимиз банк тизими барқарор фаолият юритаётгани нуфузли халқаро рейтинг ташкилотлари томонидан ўз эътирофини топаётгани диққатга сазовордир. Жумладан, “Mооdy’s”, “Standart & Pооr’s”, “Fitch Ratings” каби халқаро рейтинг агентликлари республикамиз банк тизими ривожини мунтазам ижобий баҳолаб келаяпти.

Кўргазмада юртимиздаги барча тижорат банки, нобанк кредит ташкилотлари, етакчи суғурта ва лизинг компаниялари, ахборот технологиялари йўналишидаги компаниялар ўз маҳсулот ҳамда хизматларини тақдим қилмоқда.

— Масалан, биз иштирокчилар эътиборига “Мобиль банкинг” дастури имкониятлари ва жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар ҳамда уларга ҳисобланган фоиз тўловларини инфокиосклар орқали пластик карточкалар ёрдамида амалга ошириш хизматини ҳавола этаяпмиз, — дейди “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Кредитлаш ва инвестицион фаолиятни мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи ўринбосари Камол Турдиев. — Бу хизмат тури мижозлар вақтини тежаш баробарида, тўловларни қулай ва осон тарзда амалга ошириш имконини беради.

Бундан ташқари, банкимиз томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида ишбилармонлар ўртасида ўзига хос кўрик-танлов эълон қилинган эди. Ўтган вақт ичида унга республикамиз бўйича боғдорчилик, балиқчилик, тикувчилик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга қаратилган 180 дан ортиқ лойиҳалар келиб тушган бўлса, шундан 5 таси “Энг яхши бизнес-режа” деб топилди. Банкимизнинг Чимбой филиали мижози — якка тартибдаги тадбиркор Дамир Абдуллаев, Қува филиали мижози — “Leading Flower” хусусий корхонаси раҳбари Набияхон Мамажонова, Тошкент минтақавий филиали мижози — “Stimul print” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Асрор Ҳотамов лойиҳаси шулар жумласидандир.

— Боғдорчилик, чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланамиз, — дейди Бўз туманидаги “Давр юксалиш сари” фермер хўжалиги раҳбари Илҳомжон Ҳакимов. — Бу йил эса балиқчилик тармоғини ҳам ривожлантириш ниятидамиз. Бунда “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Андижон вилояти минтақавий филиали томонидан ажратилган 100 миллион сўм миқдоридаги маблағ асқатиши, шубҳасиз.

Айтиб ўтганимиздек, кўргазмада нобанк ташкилотлари ҳам фаол қатнашмоқда. Улар томонидан намойиш этилаётган маҳсулот ҳамда хизматларга эса иштирокчилар алоҳида қизиқиш билдираяптилар.

— Бугунги кунда юртимизда лизинг хизматлари жадал тараққий топмоқда, — дейди “Ўзмелиомашлизинг” лизинг компанияси директори Акром Сулаймонов. — Бунинг самараси ўлароқ, молиявий хизматнинг ушбу тури мижозларга имтиёзли шартлар асосида узоқ муддатларга тақдим этилаяпти. Хусусан, ўтган йили компаниямиз томонидан лизинг олувчиларга 257 та замонавий техника ва механизм етказиб берилиб, бу борада аввалги йилдагига нисбатан 60 фоиз ўсиш таъминланди. Шу билан бирга, етказиб берилаётган мелиоратив техникаларимиз тури ҳам кенгайди.

Мазкур анжуман асносида бир нечта мижозимиз “Энг яхши интизомли тўловчи” ҳамда “Энг сифатли сервис хизмати” йўналишларида тақдирланади.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда тижорат банклари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, бу жараёнга, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратаяпти. Хусусан, бу галги тадбирда банклар томонидан чекка ҳамда аҳоли зич жойлашган туманларда фаолият юритаётган ишбилармонлар ўртасида ўтказилган танлов ғолибларига имтиёзли кредит ажратиш ҳуқуқини берувчи 500 дан ортиқ сертификатлар топширилади.

Кўргазма давомида, шунингдек, “Банк тизимида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилган имтиёз ва қулайликлар” мавзуида очиқ мулоқот ҳам ўтказилиши режалаштирилганки, бу анжуманнинг янада самарали кечишидан далолат беради.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn