Ўзбекистон «Mondial du Tourisme» халқаро кўргазмасида
  • 05 Апрель 2014

Ўзбекистон «Mondial du Tourisme» халқаро кўргазмасида

Франция пойтахтидаги “Paris, Porte de Versailles” кўргазмалар марказида йирик халқаро тадбирлардан бири — “Mondial du Tourisme” кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли сайёҳлик анжуманида мамлакатимизнинг бу соҳадаги улкан салоҳияти Самарқандда фаолият кўрсатадиган “Revtours” компанияси томонидан намойиш қилинди.

Унда ўзбек халқининг бой тарихий, маданий ва маънавий мероси, гўзал табиати ва ажойиб иқлими ҳамда мамлакатимизнинг сайёҳлик соҳасидаги имкониятлари муносиб равишда тақдим этилди. Жумладан, кўргазма иштирокчилари ҳамда меҳмонлари Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш, уларни жаҳон андозаларига мувофиқлаштириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган бунёдкорлик ишлари — аэропортларни модернизациялаш, ҳаво кемалари ва шаҳарлараро автобус паркларини янгилаш, халқаро меъёрларга жавоб берадиган меҳмонхоналар ҳамда автомобиль йўлларини бунёд этишга доир атрофлича маълумотлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Таъкидлаш жоизки, 39-маротаба ўтказилган “Mondial du Tourisme” бу йил қарийб 500 нафар иштирокчини ўз атрофига тўплади. Улар дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатидан келган миллий сайёҳлик компаниялари, туроператорлар, меҳмонхона бизнеси ва авиакомпаниялар вакилларидан иборат эди. Кўргазма иши билан 100 минг нафардан зиёд саёҳат ишқибози танишди. Франция сайёҳлик индустрияси вакиллари “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг “Mondial du Tourisme” анжуманидаги иштироки ҳамда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

 Фредерик Амбросино, “Mondial du Tourisme” сайёҳлик кўргазмасининг тижорат ишлари бўйича директори:

— Париждаги ушбу халқаро кўргазмамизда Ўзбекистоннинг иштироки биз учун ҳам муҳим ва қувонарли воқеадир. Чунки у мамлакатнинг сайёҳлик бозори қай даражада шитоб билан ривожланиб бораётгани билан таништириш учун жуда қулай имкониятдир.

Афсонавий Самарқанд, Бухоро, Хива сингари  тарихий шаҳарларнинг бетакрор гўзаллигидан ҳамда ўзбекона очиқкўнгиллик ва меҳмондўстликдан баҳраманд бўлиш учун ҳар йили Франциядан 15 минг нафардан зиёд сайёҳ Ўзбекистонга бормоқда. Биз “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ва мамлакатингизнинг хусусий сайёҳлик муассасалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга, Франциянинг барча минтақаларида ўтказиладиган сайёҳлик тадбирларида уларнинг иштирокини таъминлашга тайёрмиз. Ўз-ўзидан аёнки, булар ҳам гўзал юртингизга сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади.

«Жаҳон» АА. Париж

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn