Савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари
  • 13 Апрель 2016

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 12 апрель куни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Япония ва Япония — Ўзбекистон қўмиталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, авиаташув, энергетика, нефть-газ, автомобилсозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, кимё ҳамда енгил саноат, таълим, соғлиқни сақлаш, сайёҳлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, ахборот технологиялари ва коммуникациялари, геология, тоғ-кон металлургияси, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби соҳаларда фаолият кўрсатаётган вазирлик ҳамда идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, қўмита ҳамраиси Рустам Азимов ва бошқалар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил февраль ойида Японияга расмий ташрифи, Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг 2015 йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифи ўзаро муносабатларга янги суръат бағишлади.
Ўзбекистон — Япония иқтисодий муносабатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлик, сармояларни ўзаро ҳимоялаш ва рағбатлантиришга оид битимлар каби кўплаб ҳужжатларга асосланади. Икки томонлама алоқаларни кенгайтиришда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Япония ва Япония — Ўзбекистон қўмиталари муҳим ўрин тутади. Мазкур қўмиталарнинг навбатдаги қўшма мажлисида Япониянинг етакчи фирма ҳамда компанияларидан вакиллар иштирок этгани Япония ишбилармон доираларининг Ўзбекистон сармоявий салоҳиятига қизиқиши ортиб бораётганидан далолатдир.
Ўзбекистон билан Япония ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми мунтазам ошмоқда. 2015 йилда бу кўрсаткич 253,4 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Япония сармояси иштирокида тузилган ўндан зиёд қўшма корхона, ушбу мамлакатнинг 12 компанияси ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Улар транспорт, хизмат кўрсатиш, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, енгил саноат, экспорт-импорт операцияларини ўтказиш, сармоявий лойиҳалар доирасида асбоб-ускуналар етказиб бериш каби йўналишларда иш олиб боради.
Япония ҳукумати мамлакатимизда 1995 йилдан буён таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни қамраб олган кичик ҳажмдаги ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам дастурини амалга ошириб келмоқда. Ўтган давр мобайнида мазкур дастур доирасида умумий қиймати 23 миллион 380 минг доллардан ортиқ 352 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Айни пайтда таълим ҳамда тиббиёт соҳасида 11 лойиҳа амалга оширилмоқда.
Мажлисда Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида мамлакатимиз иқтисодиётида изчил таркибий ўзгаришлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Иқтисодиётнинг барча тармоғини ислоҳ қилиш, модернизациялаш ва диверсификациялаш, соҳада давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш, хусусий мулкнинг улушини ошириш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани қайд этилди.
Савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусийлаштириш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш катта истиқболга эга экани таъкидланди. Мамлакатимизда фаол иш юритаётган Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, “Mitsubishi Corporation”, “Marubeni Corporation”, “Toyota Tsusho Corporation” каби ташкилот ва компаниялар ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга келишиб олинди.
— Жаҳонда ҳануз давом этаётган молиявий-иқтисодий инқирозга қарамай, Ўзбекистон юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришаётгани эътиборга молик, — деди “Mitsubishi Corporation” корпорацияси катта ижрочи вице-президенти, қўмита ҳамраиси Хидето Накахара. — Зеро, мамлакатингиз иқтисодиётининг барқарор ривож топаётгани Ўзбекистон танлаган тараққиёт моделининг самарали эканлигини исботлади. Ушбу тадбир Ўзбекистон билан Япония ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма бизнес лойиҳаларини ҳаётга изчил жорий этишга хизмат қилади.
Анжуманда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ҳамда уни ривожлантириш истиқболлари, Япония компанияларини мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнига кенг жалб этиш, қўшма корхоналарни кўпайтириш, биргаликда ўзаро фойдали лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш масалалари муҳокама этилди. Ўзбекистон индустриал зоналарида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди. Япония компанияларининг мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган сармоявий лойиҳалардаги иштироки, нефть-газ, банк-молия, кимё саноати, юқори технологиялар, автомобилсозлик ва тўқимачилик соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган маърузалар тингланди.


Нодира МАНЗУРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn