Экспорт йўлида амалий кўмак
  • 09 Апрель 2016

Экспорт йўлида амалий кўмак

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 8 августдаги қарорига асосан ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ишбилармонларнинг хориж бозорларига дадил кириб боришига қулай шарт-шароит яратиш, зарур ҳолларда уларга кўмаклашиш йўлида изчил фаолият юритмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 16 мартда қабул қилинган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, айтиш керакки, мазкур йўналишдаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди. Айни пайтда ушбу ҳужжат мазмун-моҳиятини соҳа вакилларига батафсил етказиш мақсадида жойларда учрашувлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Наманган шаҳрида ташкил этилди. Унда вилоятда фаолият кўрсатаётган 150 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари қатнашди.

Давра суҳбатида Жамғарманинг устав капитали ўтган давр мобайнида уч маротаба ўсганлиги, чунончи, миллий валютада 10,3 миллиард сўм ҳамда хорижий валютада 2 миллион АҚШ долларига етказилганлиги алоҳида эътироф этилди. Ишбилармонларга янада қулайлик яратиш мақсадида хизмат кўрсатишдан олинадиган шартнома қийматининг 3 фоизигача бўлган ажратмалар миқдори 1 фоизгача камайтирилганлиги маълумот ўрнида айтиб ўтилди. 

Шунингдек, Жамғарма томонидан экспортолди харажатларини молиялаштириш ва хорижий бозорлардаги маҳсулотга бўлган юқори талабдан келиб чиқиб, тадбиркорларга молиявий ёрдам кўрсатиш, экспортбоп товарларни ишлаб чиқариш учун ўз маблағи етарли бўлмаган корхоналарга Жамғарманинг таъсисчи бўлиб кириши, маҳсулотнинг дизайнини халқаро стандартларга етказиш мақсадида чет элдан мутахассисларни жалб этиш сингари хизматлар ҳам йўлга қўйилганлиги таъкидланди. 

— Ташқи бозорга чиқиш борасидаги фаолиятимизнинг қўллаб-қувватланиши истиқболли лойиҳаларни амалга оширишимизга катта туртки бермоқда, — дейди “Азия агрофрукт” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳусанжон ўиёсов. — Мисол учун, корхонамиз ҳам Жамғарманинг амалий кўмаги билан экспорт фаолиятини йўлга қўйди. Ўтган йили 100 минг АҚШ доллариликдан ортиқ мева-сабзавотни чет эллик ҳамкорларимизга етказиб бердик. Бугунги мулоқотда Жамғарма томонидан тақдим этилган янги хизмат турлари бўйича маълумотлар халқаро бозорга чиқишни кўзлаб юрган ҳамкасбларимизга катта ёрдам бўлиши, шубҳасиз. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn