Қорақалпоғистон Республикаси: Инвестиция, модернизация ва экспорт салоҳияти
  • 08 Апрель 2016

Қорақалпоғистон Республикаси: Инвестиция, модернизация ва экспорт салоҳияти

Иқтисодиётни мустаҳкамлаш, шу тариқа юртни дунёга танитишда ташқи савдо амалиёти катта аҳамиятга эга. Бунинг учун мазкур соҳани жадал ривожлантириш, экспорт билан шуғулланувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш талаб этилади.

Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2012 йил 26 мартдаги “Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида республикамизда ушбу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида чет эл сармоядорлари иштирокида 64 та қўшма корхона ташкил қилинган бўлиб, уларда ички ва ташқи бозорда рақобатдош маҳсулотлар тайёрланаяпти. Шундан 15 таси экспортчи корхона эканлиги диққатга сазовордир.

— Оролбўйида ташқи савдо ҳажми йилдан-йилга кўпаймоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг бўлими бошлиғи Мурат Аллабаев. — 2013 йилда экспортга чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 24,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2014 йилда 28,1 миллион долларга етди. Ўтган йилда эса 34,2 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалиёти бажарилди. Бу борада ҳудудий корхоналарда белгиланган режа 104 фоизни ташкил этди.

Мазкур жараёнда тадбиркорлар фаол қатнашаётгани эътиборга лойиқ. Чунончи, Нукус шаҳридаги “Қалдибоев Тенгел” хусусий корхонаси халқ истеъмоли моллари, “Артемия Глобал” масъулияти чекланган жамияти артемия уруғи, Амударё туманидаги “Жумамурод новвой” фермер хўжалиги мева-сабзавот, Кегейли туманидаги “Саёт Ангор” масъулияти чекланган жамияти қизилмия илдизи, Хўжайли туманидаги “Замирбек-Тахиатош” хусусий корхонаси қурилиш маҳсулотлари билан ташқи бозорга дадил кириб бораяпти.

— Корхонамизда тайёрланаётган брусчатка, шлакоблок, профнастилга талаб юқори, — дейди “Замирбек-Тахиатош” хусусий корхонаси раҳбари Аҳмад Ҳасанов. — Айтайлик, йўлак учун ишлатиладиган бетон брусчатка совуққа чидамли ва мустаҳкам, ундан кўп йиллар мобайнида фойдаланиш мумкин. Шлакоблок эса нафақат арзон, балки енгил, иссиқликни яхши сақлайди, шовқинни ўтказмайди. Қолаверса, биттаси 12 та ғишт ўрнини қоплайди. Профнастилга келсак, у томёпқич, девор ёки тўсиқ сифатида қўлланилади. Айни пайтда кунига 16 миллион сўмлик ана шундай маҳсулотларни ишлаб чиқариб, буюртмачиларга етказиб бераяпмиз.

Беруний туманида жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Astera Textile” хорижий корхонаси ҳам ташқи бозорда муваффақиятли фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидан биридир.

— Модернизация тадбирлари доирасида цехларимиз умумий қиймати 14 миллион 29 минг АҚШ долларилик замонавий технологиялар билан жиҳозланди, — дейди МЧЖ раҳбари ўафуржон Солиев. — Натижада йилига 5 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлдик. Шунингдек, жамоамиз аъзолари сони ҳам 300 нафарга етди. 

Айтиш жоизки, “Astera Textile” ёрлиғи туширилган маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт учун мўлжалланган. Ўтган йили 3 миллион 247 минг АҚШ долларилик калава ип хорижга сотилди.

Юртимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришда бу каби енгил саноат корхоналари ҳиссаси ҳам тобора ошмоқда. Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикасидаги олтита корхона томонидан 6,7 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлар экспортга чиқарилиб, олдинги йилдагига нисбатан 1,3 баробар ўсишга эришилгани ана шундан далолатдир.

Таъкидлаш керакки, Оролбўйида экспортчи корхоналар иқтисодиётимизни янада ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn