Энергетика тизими истиқболлари
  • 07 Апрель 2016

Энергетика тизими истиқболлари

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда -энергетика тизимининг алоҳида ўрни бор. Хусусан, соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш, аҳоли турмуш -фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омили бўлмоқда. Буни жойларда олиб -борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Тўрақўрғон туманининг Шоҳидон қишлоғи ҳудудидаги 76 гектар майдонда барпо қилинаётган “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” ана шундай йирик лойиҳалардан биридир. Давлатимиз раҳбарининг махсус қарори билан қурилиши бошланган мазкур иншоот орқали Фарғона водийси вилоятларида электр таъминотини яхшилаш кўзда тутилган. Станция учун зарур жиҳозлар Япониянинг “JICA” агентлиги томонидан етказиб берилаётир. Умумий қиймати 1 миллиард 195,9 миллион АҚШ долларилик ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 2017 йилга бориб -қуввати 450 мегаватт бўлган энг замонавий буғ-газ турбинаси ишга туширилади. 2019 йилда эса унинг иккинчи блоки фойдаланишга топширилади. 

— Лойиҳа ижросига киришилганидан буён 15 миллиард сўмликка яқин бунёдкорлик -ишлари бажарилди, — дейди бош пудратчи — “Сирдарё ИЭС қурилиш” унитар корхонаси раҳбари ўринбосари Каримжон Асроқулов. — Жумладан, маъмурий бино, ўт ўчириш қисми, сув таъминоти иншооти қуриб битказилди. Ишлаб чиқариш эҳтиёжларида фойдаланиш ва ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш мақсадида Ровот қишлоғидан алоҳида тармоқ тортилди. Бундан ташқари, станциягача бўлган оралиқ масофада иккита автойўл қурилиши ниҳоясига етказилди. Айни пайтда ишчилар учун ҳар бири 32 хонадонга мўлжалланган иккита тураржой барпо этилаяпти.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Фарғона водийси вилоятларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 1700 мегаватт соатга тенг. Аҳоли сони ва ишлаб чиқариш тармоқлари кўпайиши билан 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1900 мегаватт соатга етиши кутилмоқда.

“Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси”да ҳосил қилинадиган қувватлар бу эҳтиёжни тўла қондиради. Яна бир муҳим жиҳати, энг илғор технологиялар шарофати билан йилига 726,9 миллион куб метр табиий газ -иқтисод қилинади.

Наманганда электр энергиясидан самарали фойдаланиш, истеъмолчиларнинг талабларини қондириш борасида бошқа қатор тадбирлар ҳам изчил амалга оширилаяпти.

— Вилоятимиз аҳли ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи йил сайин ортмоқда, — дейди “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти техник ишлаб чиқариш хизмати бошлиғи Аҳадхон Акбаров. — Масалан, 2001 йилда бу кўрсаткич 7 миллион киловатт соатни ташкил этган бўлса, ҳозирги пайтга келиб, 10 миллион киловатт соатдан ошди. Шунга мувофиқ, мавжуд подстанциялар ва узатиш тармоқларини соз ҳолатда сақлаш, қўшимча кучланиш ҳамда узатиш воситаларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, кейинги пайтларда Наманган шаҳрида, Норин туманининг Ҳаққулобод шаҳарчаси, Уйчи туманининг Жийдакапа қишлоғида юқори қувватга эга қўшимча подстанциялар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ўтган йили қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган тураржой мавзеларининг ташқи электр таъминоти учун 19,3 километр узунлик-да узатиш тармоқлари, 

21 мажмуада трансформаторлар ишга туширилди. Бинобарин, Наманган шаҳридаги бир қатор маҳаллаларда “ГЭС-11А” подстанциясининг иккинчи навбати фойдаланишга топширилди. Поп туманининг Чодак қишлоғида узатиш тармоқлари реконструкция қилинди.

Маълумки, яқинда Президентимиз қарори билан Наманган вилоятининг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини кескин ривожлантириш бўйича 2016 — 2019 йилларга мўлжалланган махсус дастур қабул қилинди. Ҳудуд тараққиёти, аҳоли фаровонлигини янада оширишга йўналтирилган ушбу ҳужжатда  энергетика тизимини ривожлантиришга хизмат қиладиган бир қатор лойиҳалар ҳам кўзда тутилган бўлиб, уларнинг ижроси соҳадаги ислоҳотлар кўламини янада кенгайтиради. Наманган шаҳридаги “Электрқишлоқ қурилиш” илмий-ишлаб чиқариш корхонасининг қувватларини ошириш, вилоятдаги қатор электр тақсимлаш тармоқларини модернизациялаш, “Ангрен — Поп” темир йўли қурилишини электрлаштириш, кўплаб саноат корхоналарида мавжуд подстанцияларни алмаштириш, янгиларини қуриш сингари вазифалар шулар жумласидандир. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, Наманганда муқобил энергия манбаларини ўзлаштириш ишлари ҳам ўз натижасини бераяпти. Хусусан, ўтган йил бошида Поп туманида барпо этилган, соатига 130 киловатт ток ишлаб чиқарувчи фотоэлектр станциясида олиб борилган синов-тажриба ишлари ўзини оқлади. Мутахассислар бу ерда ўрнатилган қуёш панелларини ҳудудларга жойлаштириш бўйича ўз хулосаларини бердилар. Шундан келиб чиқиб, юқоридаги Дастурга 100 мегаватт қувватли фотоэлектр станциясини бунёд этиш лойиҳаси ҳам киритилди.  Мазкур иншоот қурилишига 210 миллион АҚШ долларилик инвестиция йўналтириш режалаштирилган. Ушбу объект битказилиши билан вилоят кунлик энергия истеъмолининг тўртдан бир қисмини қайта тикланадиган манбалар ҳисобига қоплаш имконияти юзага келади.

Мухтасар айтганда, энергетика тизимида амалга оширилаётган ишлар ва яқин келажакда рўёбга чиқариладиган лойиҳалар ижроси тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган соҳа истиқболини таъминлаши билан муҳим аҳамият касб этади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn