Инновацион ишланмалар тақдимоти
  • 06 Апрель 2016

Инновацион ишланмалар тақдимоти

Урганч шаҳрида ташкил этилган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркасида илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари, шунингдек, Хоразм Маъмун академияси вакиллари энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, кимё технологиялари, нефть ва газ, атроф-муҳит муҳофазаси каби қатор йўналишларга оид 230 дан ортиқ ихтиро ҳамда янги ишланмалари билан қатнашди.

— Иқтисодиётимизни янада юксалтиришда илмий-техникавий салоҳиятдан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Урганч давлат университети ректори Баҳром Абдуллаев. — Шу маънода, анъанавий тарзда ташкил этилаётган бундай ярмаркалар илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётгани билан диққатга сазовордир. Бу галги анжуманда олий таълим муассасамиз тадқиқотчилари Хоразм Маъмун академияси билан ҳамкорликда ишлаб чиққан 90 дан зиёд лойиҳаларини таништиришаяпти.

Ярмарка доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ёш олимларининг “Инновацион ғоялар” республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир сўнгида  турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Саноат корхоналари, ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликлари билан тадқиқотчилар ўртасида умумий қиймати 4 миллиард сўмликка яқин 70 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn