Тармоқлараро кооперация
  • 06 Апрель 2016

Тармоқлараро кооперация

ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамламоқда

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида Соғлиқни сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари комплекси ҳамда Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари комплексининг тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўз ишини бошлади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 мартдаги “2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилмоқда.

Маълумки, мамлакатимизда саноат корхоналарининг тармоқ, тармоқлараро ва халқаро кооперация алоқаларини ривожлантириш, хорижлик сармоядорларни жалб қилиш орқали уларнинг узоқ муддатли хўжалик алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашиш соҳани янада тараққий эттиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган Фармон ва қарорлар, дастурлар эса, ўз навбатида, таълим, тиббиёт соҳаларини ривожлантиришда, ижтимоий ҳимояни кучайтиришда, мазкур жабҳаларни юртимиз корхоналарида тайёрланган юқори сифатли, замонавий ускуна ҳамда жиҳозлар, техник воситалар, хом ашёлар билан таъминлашда -муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу саноат ярмаркасини ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳам қайта ишланган хом ашё, материал ва бутловчи буюмлар, тайёр маҳсулотларни етказиб беришда узоқ муддатли хўжалик муносабатларини кенгайтириш, тармоқ ҳамда тармоқлараро кооперацияни жадал равнақ топтириш асосида янги турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, жараёнга хорижий ҳамкорлар ва бўлажак харидорларни кенг жалб қилишда корхоналарга яқиндан ёрдам беришдан иборат. 

Ярмаркада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Шарқ” НМАК, “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда бошқа тегишли тузилмалар таркибидаги беш юздан зиёд корхона ва ташкилотлар 1,5 минг турдан ортиқ маҳсулотларини намойиш этмоқда. Шундан юздан зиёд янги маҳсулотлар эканлиги, айниқса, диққатга сазовордир. 

Ташкилотчиларнинг айтишича, 2015 йилги тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 400 дан кўпроқ корхоналар бир ярим минг турга яқин маҳсулотини, жумладан, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилган 49 турдаги янги маҳсулотни тақдим этган эди. Бу, албатта, тадбирга ташриф буюрган хорижий фирма ва компаниялар вакиллари билан умумий қиймати 237,7 миллиард сўмлик ҳамда 600 минг АҚШ долларилик шартномалар имзолангани самарасидир. Шу билан бирга, тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида иштирокчилар сонининг йилдан-йилга кўпайиши ҳамда унинг нуфузи ортишида Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган 2015 — 2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури асосида юртимизда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик равнақига эътибор кучайтирилаётгани ҳал қилувчи омилга айланмоқда.

Мисол учун, мамлакатимизда сўнгги йилларда мебель ишлаб чиқариш нафақат жадал ривожланмоқда, балки ушбу секторнинг салоҳияти янада юксалаяпти. Корхоналарда замонавий технологиялардан фойдаланилиши натижасида жаҳон стандартларига мос маҳсулотлар, жумладан, болаларга мўлжалланган турли дизайндаги бежирим мебеллар кўпаяётгани бунинг яққол тасдиғидир. 

— Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида мунтазам қатнашиб келаяпмиз, — дейди пойтахтимиздаги “Davr mebel” корхонаси директори Нодирбек -Асқаров. — Бу галги стендимизда ўнга яқин турдаги янги маҳсулотлар, хусусан, болалар мебеллари, ўйин майдонлари намойиш этилмоқда. Улар мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва бошқа ташкилотлар вакилларида қизиқиш уйғотаётганидан беҳад мамнунмиз. 

Таъкидлаш керакки, тармоқлараро саноат ярмаркаси экспозициясининг асосий қисмини “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни ва “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, шунингдек, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим қилинган маҳсулотлар эгаллаган. 

Бу бежиз эмас. Айтайлик, юртимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланаётган ўғил-қизлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Бу эса спорт инвентарларига бўлган талабни ошираяпти. Кўргазманинг алоҳида жойида намойиш этилаётган спорт товарлари намуналари — гимнастика таёқчалари, брус, спорт тўсиқлари, гимнастика ўриндиқлари, баскетбол шчитлари, теннис столи, минифутбол дарвозаси ва бошқа маҳсулотларни кўриб, соҳага дахлдор корхоналаримиз жамоалари замон билан ҳамнафас бўлиб иш юритаётганига  ишонч ҳосил қиласиз. Масалан, “Ўз Тонг Хонг Ко” Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонасида тайёрланган йигирмадан ортиқ турдаги спорт анжомлари сифати жиҳатидан хорижникидан асло қолишмайди.

— Маҳсулотларимиз буюртма асосида республикамиздаги турли спорт муассасалари, умумтаълим ва спорт мактаблари, лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасига етказиб берилмоқда, — дейди ушбу корхона мутахассиси Бунёд Сатторов. — Жорий йилдан бошлаб эса спорт оёқ кийимларини МДҲ мамлакатларига ҳам экспорт қилишни йўлга қўйдик. Бу, шубҳасиз, ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишимиз учун янги имкониятдир.

Ярмаркада корхоналар томонидан таклиф қилинаётган маҳсулот ва хизматлар билан атрофлича танишиш, жорий ҳамда келгуси йил учун маҳсулот ишлаб чиқариш, етказиб бериш бўйича шартномалар имзолаш, буюртмалар портфелини шакллантириш учун барча шарт-шароит яратилган. Тадбир доирасида корхона ва ташкилотлар янги маҳсулотларининг тақдимотларини ўтказиши режалаштирилгани эса унинг самарали кечишидан далолат беради.

Тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ҳодиев сўзга чиқди. 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn