Фойдали мулоқотлар, амалий келишувлар
  • 06 Апрель 2016

Фойдали мулоқотлар, амалий келишувлар

Қарши шаҳрида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди.

Вилоятда рақобатдош, импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган ушбу тадбирда харидорлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан таклиф қилинган истеъмол товарларини тендер савдоларисиз, тўғридан-тўғри шартнома орқали сотиб олиш имкониятига эга бўлдилар.

Эътиборли жиҳати, ушбу анжуманнинг нуфузи тобора ошиб бораяпти. Жумладан, жорий йилда унинг 700 дан зиёд иштирокчилари томонидан мингга яқин турдаги маҳсулотлар намойиш этилгани фикримиз тасдиғидир. Улар орасида тоғ-кон саноати техникаларидан тортиб, қурилиш маҳсулотлари, мебеллар, полиэтилен қувурлар, кийим-кечаклар, озиқ-овқат ва парфюмерия маҳсулотларигача бор.

Ушбу кооперация биржаси бозорга эндигина кириб келаётган тадбиркорлар учун ўз товар ҳамда хизматларини таништириш ва буюртмалар портфелини шакллантириш учун қулай имконият бўлди.

Шунингдек, тадбирда давлатимиз томонидан кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Ярмарка якунида ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачилар ўртасида 40 миллиард сўмликдан ортиқ келишув битимлари тузилди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn