Қулай шароит ва қўшимча имтиёзлар
  • 06 Апрель 2016

Қулай шароит ва қўшимча имтиёзлар

кичик бизнес субъектларининг экспорт салоҳияти ошишида муҳим омил бўлмоқда

Тошкент шаҳрида “Тадбиркорлик субъектларининг халқаро ташкилотлар харидларида иштирок этишлари учун имкониятлар” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, юртимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари қатнашди. 

Кичик бизнес ҳаракати мамлакатимизда мустақиллик йилларида шаклланиб, ўтган қисқа давр мобайнида иқтисодиётимизнинг жадал суръатларда ривожланаётган етакчи соҳаларидан бирига айланди. Ҳозирги пайтда жами ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи, ялпи ички маҳсулотнинг эса 56,7 фоизи мазкур соҳа ҳиссасига тўғри келаётгани бунинг яққол тасдиғидир. 

Дарҳақиқат, айни пайтда деярли барча жабҳада кичик бизнес фаол иштирок этмоқда. Яратиб берилаётган қулай шароитлар туфайли ишбилармонлар сафи йил сайин кенгайиб бораяпти. Улар нафақат ички бозорни сифатли маҳсулот ва хизматлар билан тўлдираяпти, балки жаҳон бозорида ҳам мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Мисол учун, ўтган йили биргина Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш -жамғармаси томонидан 3213 та тадбиркорлик субъектига ташкилий, ҳуқуқий ҳамда молиявий хизматлар кўрсатилиши натижасида улар томонидан 1 миллиард 45 миллион АҚШ долларилик ташқи савдо амалиёти бажарилди. 

Шу билан бирга, 192 нафар ишбилармон Жанубий Корея, Хитой, Япония, Германия сингари давлатларда ўтказилган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда қатнашиб, умумий -қиймати 135 миллион долларлик экспорт келишувларига эришди. 

— Бизнинг корхонамиз ҳам яратиб берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, экспорт жуғрофиясини тобора кенгайтириб бораяпти, — дейди пойтахтимизда фаолият юритаётган “Шарқ мебель” масъулияти чекланган жамияти раҳбари ўринбосари -Нуриддин Ёқубов. — Биргина 2015 йилда МДҲ мамлакатларига бир миллиард сўмлик маҳсулотлар етказиб бердик. Жорий йилда бу борадаги кўрсаткич янада ортиши кутилаяпти. Чунки мебелсозликда ишлатиладиган материалларимизнинг сифати юқорилиги боис буюртмалар тобора кўпаймоқда.

Давра суҳбатидан кўзланган мақсад ҳам тадбиркорлик субъектларини халқаро бозорлар савдосига кенгроқ жалб этиш, улар томонидан таклиф қилинаётган маҳсулот ва хизматлар экспорти ҳажмини оширишга кўмаклашишдир. 

Шу маънода, тадбир доирасида Жаҳон банки, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), БМТ Тараққиёт дастури каби  хорижий ташкилотларнинг тақдимотлари ўтказилиб, халқаро харидлар тартиби, тендерларда иштирок этиш шартлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилгани айни муддао бўлди. 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn