Йирик инвестициявий лойиҳалар
  • 05 Апрель 2016

Йирик инвестициявий лойиҳалар

саноат тармоқлари ривожига хизмат қилаяпти

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги инвестиция дастури доирасида йил охиригача “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси тизимида умумий қиймати 624,08 миллион АҚШ долларилик тўққизта лойиҳа бўйича ишлар тўлиқ якунланади.

Натижада автотранспорт воситаларига газбаллон ускуналари ўрнатиш хизматларини кўрсатиш марказлари, 80 минг тонна гранулалаштирилган олтингугурт, 8 минг тонна -суюлтирилган газ ишлаб чиқариш объектлари, қуввати 18 МВтга тенг сиқув компрессор станцияси, 6 миллиард кубометр газ тозалаш корхоналари каби йирик иншоотлар ишга туширилиши мўлжалланмоқда. 

Кеча Тошкент шаҳрида “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди. 

Қайд этилганидек, Инвестиция дастурига мазкур компаниянинг 38 та лойиҳаси киритилган бўлиб, уларнинг ижроси учун 20,6 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя ўзлаштирилади. Шу мақсадда нафақат ички ресурслар, балки тижорат банклари кредитлари, хорижий инвестициялар жалб қилиниши белгиланган.

Хусусан, шу йилдан эътиборан 16,3 миллиард долларлик чет эл сармояси иштирокида 14 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаяпти. Уларда геологик-қидирув ишларини олиб бориш, -углеводородлар қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, янги мажмуаларни барпо қилиш, полимер ҳамда бошқа маҳсулотлар тайёрлаш каби муҳим йўналишлар қамраб олинган. Саноатимиз ривожида алоҳида ўрин тутадиган ана шу йирик лойиҳалар дунёга машҳур компаниялар иштирокида рўёбга чиқарилаётгани диққатга сазовордир. 

“Сурғил” кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқаришни лойиҳа қувватига етказиш ва конни ободонлаштиришга доир лойиҳа эса кўлами жиҳатидан ниҳоятда улканлиги билан ажралиб туради. 

Соҳа мутахассислари ҳамда чет эллик экспертлар бу объектни дунёдаги энг замонавий, юқори технологиялар асосида ишлайдиган йирик корхоналардан бири сифатида эътироф этишаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки ушбу мажмуанинг умумий қиймати 4 миллиард доллардан ошади. Бу ерда қурилиш ишлари ўтган йили якунланиб, заводлар Германия, Франция, Япония, АҚШ, Швеция, Голландия, Жанубий Корея сингари давлатларнинг технологик линия ва ускуналари билан тўлиқ жиҳозланди. Улар ёрдамида йилига 83 минг тонна ноёб полипропилен маҳсулотини ишлаб чиқариш, полиэтилен тайёрлаш ҳажмини 3,1 баробар кўпайтириш имконияти мавжуд. Ваҳолонки, полипропилен илгари юртимизга катта миқдордаги валюта ҳисобига четдан олиб келинар эди. 

Таркибида бешта завод фаолият юритадиган мажмуанинг илк маҳсулотлари экспорт қилина бошлангани, айниқса, қувонарлидир. Хусусан, Полимерлар заводида тайёрланаётган полипропилен 2015 йилнинг декабрь ойидан чет эллик буюртмачиларга жўнатилмоқда. 

Анжуманда “Қандим” конини ўзлаштириш ва замонавий газни қайта ишлаш заводини қуриш, табиий газдан олефинлар ишлаб чиқариш, Шўртан газ-кимё мажмуасида эса тозаланган метандан синтетик суюқ ёнилғи олишни йўлга қўйиш борасида ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар хусусида ҳам батафсил маълумотлар берилди. 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn