Замонавий, сифатли ва экспортбоп
  • 05 Апрель 2016

Замонавий, сифатли ва экспортбоп

маҳсулотлар тайёрлашга кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда

Мамлакатимизда иқтисодиётни таркибий ўзгартириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилиб, бу жараёнда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янада кенг йўл очиб берилаётгани муваффақиятлар омили бўлмоқда. Чунки ички бозорни юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш, қисқача айтганда, макроиқтисодий мутаносибликни таъминлашда ушбу соҳа тобора ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти. 

Бугунги кунда биргина Самарқанд вилояти ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 77,9 фоизга етгани бунинг яққол далилидир.

Дарҳақиқат, ҳудуднинг саноат салоҳиятини юксалтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, янги савдо йўлакларини очишда мазкур соҳа вакиллари ташаббус кўрсатмоқда. Самарқанд туманида фаолият юритаётган “Stekloplastik” масъулияти чекланган жамияти ана шундай илғор ишлаб чиқариш субъектлари сирасига киради. 

— Корхонамизда Германия, Хитой каби хорижий мамлакатларнинг энг замонавий асбоб-ускуналари ўрнатилган бўлиб, улар  ёрдамида тиббиёт ҳамда таълим муассасалари учун мебель ва махсус жиҳозлар, шунингдек, спорт анжомлари ишлаб чиқарилмоқда, — дейди ушбу жамиятнинг бўлим бошлиғи Елена Дубовская. — Металл ҳамда шиша-пластик асосида тайёрланаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш кўлами 

70 фоизни ташкил этаётгани уларнинг сифати юқори, нархи эса нисбатан арзон бўлишини таъминлаяпти. Натижада буюртмалар ой сайин кўпайиб, йилига 16 — 18 миллиард сўмлик маҳсулотлар етказиб берилаяпти.  

Бугунги кунда корхонада 300 хилдан ортиқ маҳсулотлар, шу жумладан,  65 турдаги спорт жиҳозлари тайёрланмоқда. Шундан 31 хилини Маҳаллийлаштириш дастури -доирасида ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани диққатга сазовор. Уларга нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам талаб юқори. Ўтган йили 6 минг 248 АҚШ долларилик спорт анжомлари экспорт қилингани бунга мисол бўла олади.   

Айни пайтда жамиятнинг 100 кишилик жамоаси импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш кўламини янада кенгайтириш устида изланмоқда. Шу мақсадда чет элдан металлга чуқур қайта ишлов берувчи ускуналар олиб келиш саъй-ҳаракати бошлаб юборилди. Мазкур лойиҳа рўёби эса ҳудуд саноатини тараққий эттириш, ички бозорни -рақобатдош маҳсулотлар билан тўлдириш, экспортда қўшимча қийматга эга товарлар улушини кўпайтиришга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ 

олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn