Жаҳон бозорига кенг йўл
  • 05 Апрель 2016

Жаҳон бозорига кенг йўл

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётимизнинг таянч кучларидан бирига айланиб бормоқда. Юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларга берилаётган турли имтиёзлар уларга нафақат ички бозорга, балки жаҳон бозорига дадил кириб бориши учун кенг йўл очаяпти.

Зеро, Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида “Ана шу йўналишдаги ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулотимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етгани ёки 1,8 баробар ошганини алоҳида таъкидлашни истардим. Ҳозирги пайтда ушбу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд жами аҳолимизнинг 77 фоиздан ортиғи — шунга эътибор беринг — мазкур -тармоқда меҳнат қилаётгани, ўз пешона тери билан нафақат ўз оиласини боқаётгани, балки мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшаётгани, аввало, мустақиллик бизга очиб берган имкониятларнинг яққол исботи, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан”, деб таъкидлагани бежиз эмас.

Юртимиз равнақи йўлида астойдил меҳнат қилаётган ишбилармонларимиз саъй--ҳаракати билан бугун “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида тайёрланаётган маҳсулотлар дунё бозорида тобора шуҳрат қозонмоқда. Жумладан, биргина ўтган йилнинг ўзида Жамғармамиз томонидан 3213 та тадбиркорлик субъектига маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш учун ташкилий, ҳуқуқий ҳамда молиявий хизматлар кўрсатилгани натижасида тадбиркорларимиз 1 миллиард 45 миллион АҚШ долларилик экспорт амалиётини бажаришди.

Қачонки, тадбиркор ўз маҳсулотини халқаро стандартларга мос равишда тайёрлаб, хизматларини шунга ҳамоҳанг тарзда ташкил этсагина, жаҳон бозорига чиқа олади. Шу боис ўтган йили ушбу омилларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 27 та ишлаб чиқариш корхонасида халқаро ISO стандарти бўйича сифат бошқаруви тизими жорий қилинди.

Бундан ташқари, юртимизнинг 192 нафар ишбилармони халқаро кўргазма ва -анжуманларда қатнашиб, 135 миллион долларлик экспорт келишувига эришди. Аниқроғи, улар Жанубий Корея, Хитой, Япония, Германия сингари давлатларда  ўтказилган “Савдо-туризм роуд шоу”,  “Яшил ҳафталик” каби нуфузли халқаро -тадбирларда ўз салоҳиятини намойиш этиб, юртимизда тайёрланаётган маҳсулотларни дунё аҳлига тақдим қилишди.

Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунда жаҳон бозорида янги турдаги инновацион экспортбоп маҳсулотларга, айниқса, талаб ошиб бораётир. Шундан келиб чиқиб, Жамғармамиз ташаббуси остида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда республикамизнинг барча ҳудудида “Ўзбекистон маҳсулотлари рақобатдошлигини ошириш ва жаҳон бозорида мавқеини мустаҳкамлашга йўналтирилган инновацион лойиҳалар” кўрик-танлови уюштирилди. Мазкур танловда озиқ-овқат, кимё, -тўқимачилик, қурилиш, машинасозлик ва электротехника йўналишларида кўплаб ишланмалар намойиш қилинди. Қувонарлиси, уларнинг аксарияти самарали ҳамда янгилиги билан ҳаммада қизиқиш уйғотди. Мисол учун, ўтган йилги танловда Тошкент кимё-технология институти томонидан тақдим этилган, кислотаси меъёрлаштирилган -табиий анор шарбати ва концентратини ишлаб чиқариш технологиясини ана шулар сирасига киритиш мумкин.

Гап шундаки, жорий технология ёрдамида биринчи марта аччиқ анордан хуштаъм табиий маҳсулот олишга эришилди. Негаки, аччиқ анорда кислота миқдори юқори бўлади. Шу боис бундай шарбат кўпинча ширин анордан олинади. Ушбу ичимликка эса -Европа, Осиё, умуман, дунё миқёсида талаб юқори.

Яна бир эътиборли жиҳати, янги технология асосида бошқа турдаги мевалардан ҳам шарбат олиш мумкин. Қолаверса, у анча тежамкор ҳисобланади.

Шу билан бирга, Жамғармамиз томонидан фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда боғдорчилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган туманларда янги агрофирмалар ташкил этилаяптики, бу маҳсулотларни йил давомида сархил сақлаш ҳамда хорижлик харидорларга етказиб бериш имконини ошираяпти. Буларнинг барчаси иқтисо-диётимиз барқарорлиги, турмушимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Камолиддин НУРМАТОВ,

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директорининг ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn