Сифат — самарадорлик гарови
  • 02 Апрель 2016

Сифат — самарадорлик гарови

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч устунларидан бири ҳисобланади. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи, иш билан банд аҳолининг 77 фоизидан ортиғи мазкур соҳа ҳиссасига тўғри келаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

Шу боис кичик бизнесни янада ривожлантириш, ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга кўпроқ эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар енгил саноатимиз тараққиётига ҳам катта туртки бераётир. Негаки, кейинги йилларда мазкур жабҳада кўплаб кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, улар ички бозорни тикувчилик, трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари билан тўлдириш, экспорт кўламини кенгайтиришга муносиб улуш қўшмоқда. Пойтахтимизнинг Сергели туманида фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “UZTEX — Tashkent” қўшма корхонаси ана шундай субъектлардан биридир.

2010 йилда ишга туширилган ушбу корхона пахта толасини қайта ишлашга ихтисослаштирилган. Бу ерда “Rieter”, “Luwa” ҳамда “Uster Technologies” (Швейцария), “Murato” (Япония), “Savio” (Италия) сингари компанияларнинг энг замонавий даст-гоҳлари ўрнатилган. Улар ёрдамида йилига ўртача 7200 тонна пахта толаси қайта ишланиб, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган 6500 тонна калава ип тайёрланаяпти.

— Юртимизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун барча шарт-шароит яратилган, — дейди қўшма корхона бош директори Равшан Йўлдошев. — Биз ҳам мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, маҳсулот тайёрлаш ҳажмини кўпайтириш, уларнинг сифатини янада яхшилашга доир кўплаб лойиҳаларни амалга ошираяпмиз. Чунки рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда фақат юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш билангина эзгу мақсадга эришиш мумкин.

2015 йилда “UZTEX — Tashkent” корхонасида модернизациялаш тадбирлари тўлиқ якунланиб, қўшимча замонавий дастгоҳлар ўрнатилди. Шунингдек, мавжуд йигириш урчуқлари тубдан такомиллаштирилди. Яъни ипдаги тукдорлик даражасини бартараф қилиш мақсадида Германиянинг “Sussaen” компаниясидан зарур жиҳозлар келтирилди. Бу каби техник ва технологик янгиланишлар туфайли корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 8 фоиз ошиб, қўшимча 40 та иш ўрни яратилди.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, бу ерда ишчи-ходимлар учун барча қулай шарт-шароит мавжуд. Жамоа аъзоларининг асосий қисмини ёш мутахассислар ташкил этади. Уларнинг ғайрат-шижоати билан тайёрланаётган маҳсулотлар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

Корхона маҳсулотларига бўлган талаб хорижда ҳам ортишида Швейцария-нинг “Uster Technologies” компанияси томонидан “USTERIZED” сертификати берилгани муҳим омил бўлаяпти. Сабаби, бугунги кунда дунёдаги камсонли йигирув фабрикалари қўлга киритган бундай сертификат аъло сифатли маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилганининг амалий тасдиғидир.

“UZTEX — Тashkent” корхонасининг аҳил жамоаси эса эришилаётган муваффақиятларни бундан буён ҳам янада мустаҳкамлаб, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ҳаракат қилмоқда.

Усмон УСМОНОВ 

тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn