Тежамкор технологиялар
  • 31 Март 2016

Тежамкор технологиялар

саноат тармоқларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда

Юртимизда иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни изчил татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмокда. Бу эса, ўз навбатида, саноат корхоналарида юқори самарадорликка эришиш, кам харажат қилиб, кўп маҳсулот тайёрлаш имконини бераётир.

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 12 июндаги “Халқаро Тараққиёт уюшмаси иштирокида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар туфайли кимё, нефть-кимё, кон-металлургия, пахтани қайта ишлаш сингари иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидаги ишлаб чиқариш субъектларида энергия сарф-харажатларини камайтириш бўйича  ижобий натижаларга эришилаяпти.

Куни кеча Иқтисодиёт вазирлиги ташаббуси билан уюштирилган медиатур давомида бир гуруҳ журналистлар пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги саноат корхоналарида бўлиб, мазкур лойиҳа доирасида бажарилаётган  ишлар билан яқиндан танишдилар.

Тадбир асносида мутахассислар ОАВ вакилларига ишлаб чиқариш субъектларида двигателларни алмаштириш, қозонхона ва компрессор станцияларини янгилаш, ишни тартибга солувчи ускуналарни ўрнатиш каби жараёнларга йўналтирилган кредитларнинг тежамкорликка эришишдаги аҳамияти хусусида батафсил маълумот бердилар.

Уларнинг фикрича, ҳозирги кунда мазкур корхоналарда еттита лойиҳа рўёбга чиқарилаяпти. Бунинг натижасида эса йилига 30 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 6 миллион кубометр табиий газ иқтисод қилиниши кутилмокда. Агар республикамиз бўйича 32 та саноат корхонасида 81 лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинаётгани назарда тутилса, ҳисоб-китобларга кўра, уларда йилига 539 миллион киловатт-соат электр энергияси ҳамда 252 миллион кубометр табиий газ тежалишига мустаҳкам пойдевор -яратилади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, бу ишлар 2015 — 2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш чора-тадбирлари дастури ижросини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

— Ушбу лойиҳа доирасида корхонамиздаги бешта 800 кВт кучланишли мотор ўрнига 630 кВт қувватга эга янги ускуналар ўрнатилди, —  дейди “Аммофос Максам” акциядорлик жамиятининг Инвестиция бошқармаси бошлиғи Икром Мамасолиев. —  Бунинг учун умумий қиймати 304,43 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб этилган  бўлса, шундан 243,54 минг доллари Халқаро тараққиёт уюшмаси, 60,89 минг доллари эса “Ўзсаноатқурилишбанк” сармояларидир.

Вентиляторларни айлантиришга мўлжалланган мазкур моторлар “Аммофос 2” цехига ўрнатилган. Вентиляторлар эса донадорлаш-қуритиш аппаратидан газларни сўриб олиш ва уларни тозалаш вазифасини бажаради. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, янги моторларнинг ишлаб чиқаришдаги аҳамияти катта. Энг муҳими, бу билан корхонамизда тежамкорликка эришилаяпти. Аниқроғи, илгари бир йилда 24840000 киловатт-соат электр энергияси сарфланар эди. Эндиликда бу кўрсаткич 19561500 киловатт-соатни ташкил этмокда. Яъни самарадорлик 21 фоиздан зиёд, тежаладиган маблағ эса 778,6 миллион сўмдан кўпроққа етказилди.

Бундай ижобий кўрсаткичларни “Максам Чирчиқ” акциядорлик жамиятида ҳам кузатиш мумкин. Корхона раҳбари ўринбосари Ниғмат Исроиловнинг қайд этишича, бу ерда жорий йилда лойиҳа доирасида 849 минг долларлик модернизациялаш ишлари амалга оширилади. Бунинг эвазига 3 миллион 960 минг кубометр табиий газ иқтисод қилинади.

Маълумки, кончилик ва металлургия саноати иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан  ҳисобланади. Кейинги йилларда юртимизда бу соҳаларга қаратилаётган эътибор туфайли тизимдаги йирик ишлаб чиқариш субъектларидан бири — “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти тобора ривожланмокда. Хусусан, ўтган йили мазкур жамиятда ҳам иккита лойиҳа рўёбга чиқарилди. Яъни комбинатнинг мис бойитиш фабрикаси, рух  ва мис заводлари станцияларида  техник ва технологик янгиланиш тадбирлари бажарилди.  Пировардида бир йил ичида 12,5 миллион киловатт-соат электр энергияси тежаб қолинди. 

Бундан ташқари, комбинатда 2016-2017 йилларда Халқаро тараққиёт уюшмаси кредит линияси асосида яна учта лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилаяптики, бу ҳам келгусида 48 миллион киловатт-соат электр энергияси, 17,4 кубометр табиий газ ва 11,4 миллиард сўм маблағни иқтисод қилиш учун замин яратади.

Энергия самарадорлигини юксалтириш тадбирлари “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамиятига қарашли “Тошкент ёғ-мой комбинати” акциядорлик жамиятида ҳам татбиқ этилди. Бу ерда “Ўзоғирсаноатлойиҳа” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида янги буғ қозонлари ўрнатилиб, сув, газ қувурлари ва бошқа муҳандислик тармоқлари уланди. Бунинг натижасида 30 фоиз энергия ресурси тежаладиган бўлди.    

“Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Халқаро тараққиёт уюшмасининг кредити эвазига 1200 та қуёш батареяси ва чироғи келтирилган.

Маълумотларга кўра, бунинг натижасида бир йилда 3,5 миллион киловатт-соат электр энергияси ёки электр қуввати учун сарфланадиган 648,2 миллион сўм маблағни иқтисод қилиш таъминланади. 

Тизимдаги “Ўзбекистон” пахта тозалаш корхонасида ҳам бу борада юқори самарадорликка эришилаяпти. Тайёр маҳсулотларнинг 87 фоиздан ортиғи “олий” ва “яхши” синфларга мансуб бўлаётгани шундан далолат беради. Қолаверса,  корхонада ISO халқаро стандартлари талабларига мос сифат менежменти тизими жорий этилган. Корхона раҳбари Акмал Шердоновнинг қайд этишича, бу ерда ўрнатилган 12 та қуёш батареяси  ва чироғи  электр энергиясини тежаш  имконини бермоқда.

Мамлакатимиз озиқ-овқат саноатида “Бектемир экспериментал спирт заводи” акция-дорлик жамиятининг муносиб ўрни бор.  Кейинги йилларда бу  корхонада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизация қилиш орқали тежамкорликка эришиш учун Жаҳон банки иштирокида газни тозаловчи янги технологик линия олиб келинди. Ҳозирги кунда ушбу дастгоҳ ёрдамида жаҳон стандартларига мос газ тайёрланмоқда. 

Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлиги, шунингдек, республикамиз тижорат банклари иштирокида  саноат корхоналарида рўёбга чиқарилаётган янги лойиҳалар ишлаб чиқариш субъектларида юқори самарадорликка эришиш баробарида, иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратишдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.  

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn