Ташқи бозор учун рақобатдош маҳсулотлар
  • 31 Март 2016

Ташқи бозор учун рақобатдош маҳсулотлар

Қашқадарё вилоятида ташқи бозор учун харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кўпайтириш, уларнинг рақобатдошлигини ошириш, экспортчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Натижада 2015 йилда қарийб 20 миллион АҚШ доллари миқдорида товарлар экспорт қилинди.

Уларнинг орасида микрокальцит, қовун уруғи, каврак шираси каби янги турдаги маҳсулотлар борлиги, айниқса, эътиборлидир.

Маълумки,  Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки -ҳузурида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган эди. Ўтган даврда мазкур жамғарманинг Қашқадарё филиали томонидан корхоналарнинг ўз маҳсулотларини ташқи бозорда сотишга доир имкониятлари ўрганилиб, экспорт салоҳиятига эга корхоналар базаси шакллантирилди. 2015 йил давомида 57 корхонага маҳсулот ва хизматларини намойиш этиш учун ўн турдаги намунавий тижорат таклифлари жўнатилди. Натижада 39 корхонадан мурожаатлар қабул қилиниб, шулардан 19 тасига салкам 16 миллион АҚШ долларилик маҳсулотларини хорижга чиқариш бўйича юридик, ташкилий ва молиявий -жиҳатдан кўмаклашилди. 150 нафардан ортиқ тадбиркорларга эса ушбу жараёнда яратилган имтиёзлар ва ташқи бозор маркетинг тадқиқотлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Бундан ташқари, филиал кўмагида Деҳқонобод туманидаги “Нур Азиз Импекс” МЧЖ 15 тонна доривор (каврак) ўсимликни қайта ишлаган ҳолда, қиймати 240 минг АҚШ долларилик, Касби туманидаги “Касби тинчлик плюс” масъулияти чекланган жамияти эса мавсумда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 120 минг АҚШ долларилик шартномалар имзолади. Китоб туманидаги “Вигет Импекс” фермер хўжалигига эса май-июнь ойларида гилос ва олхўрини чет элга чиқариш мақсадида 250 миллион сўмлик фоизсиз маблағ ажратилди. Пировардида ушбу фермер хўжалигида қиймати қарийб 1,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мевани хорижга сотиш имконияти яратилди. 

Филиалимиз томонидан тадбиркорларни ҳуқуқий, ташкилий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилаётгани ўз натижасини бераяпти. Шундан келиб чиқиб, бундан буён ҳам мазкур йўналишда тизимли чора-тадбирларни амалга ошираверамиз.

Абдулла ҒАФФОРОВ, 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик 

субъектларининг экспортини 

қўллаб-қувватлаш жамғармаси 

Қашқадарё филиали директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn