Тажриба ва ташаббуслар майдони
  • 29 Март 2016

Тажриба ва ташаббуслар майдони

Андижонда IХ Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, вилоят ҳокимлиги, вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда илмий тадқиқот институтлари, тажриба-конструкторлик ҳамда олий таълим муассасаларининг икки юз элликдан зиёд ишланмалари, ғоялари намойиш қилинди.

Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган тадбирга ташриф буюрганлар қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдор ва эртапишар янги навлари, ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш воситалари, машинасозлик, энергия тежамкор технологиялар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Масалан, -Андижон машинасозлик институти томонидан жами 49 та ишланма ҳамда инновацион ғоя тақдим этилди.

Улар орасида енгил автомобиллар учун такомиллаштирилган хавфсизлик камари, машинани планшет орқали масофадан туриб бошқариш каби кашфиётлар бор.

— Мазкур анъанавий ярмарка ишлаб чиқарувчилар ҳамда илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, илғор технологияларни амалиётга татбиқ қилишда муҳим аҳамият касб этаяпти, — дейди Андижон давлат университетининг илмий ишлар бўйича проректори Бахтиёржон Расулов. — Бу эса барча соҳада юқори натижаларга эришиш имконини бераётир. 

Тадбир доирасида “Андижон вилоятининг инновацион салоҳиятини ошириш ва вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудий корхоналарнинг янги инновацион технологиялар ва ишланмаларга бўлган эҳтиёжлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Ярмарка якунида янги технология, лойиҳа ва ишланмаларни иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўллаш юзасидан ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Бухорода ташкил этилган худди шундай ярмарка ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Унда илмий тадқиқот институтлари, олий таълим даргоҳлари олимлари, тадқиқотчилар, талабалар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари қатнашди.

“Саноат”, “Ахборот технологиялари”, “Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика”, “Қишлоқ хўжалиги” ҳамда “Фан ва таълим” сингари  йўналишларни қамраб олган анжуманда жами 179 та илмий ишланма тақдим қилинди.

— Ҳаётимизга замонавий технологиялар жадал кириб келмоқда, — дейди Бухоро муҳандислик-технология институти битирувчиси Турсунбек Жалолов. — Масаланинг ана шу жиҳатидан келиб чиқиб, илмий изланишлар олиб бораяпмиз. Курсдошим Жўрабек Қозоқов билан биргаликда яратган кашфиётимиз ҳаётга татбиқ этилса, аҳоли учун қўшимча қулайлик вужудга келади, деган фикрдамиз. Гап шундаки, биз ясаган ускунада сув ҳароратини масофадан туриб исталган даражага кўтариш ёки тушириш мумкин. Истиқболда уни янада такомиллаштириш ниятидамиз.

Тадбир сўнгида IX Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида қатнашадиганлар номи аниқланди.

 

Саидаҳмад ШУКУРОВ,

Истам ИБРОҲИМОВ.

Хурсандбек АРАББОЕВ

олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn