«Жэньминь жибао» Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳақида
  • 26 Март 2016

«Жэньминь жибао» Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳақида

Хитойнинг марказий нашри — “Жэньминь жибао” газетаси ўз веб-саҳифасида Ўзбекистоннинг замонавий ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бағишланган мақола эълон қилди.

Унда мамлакатимизда барқарор ўсиш суръатлари ҳамда макроиқтисодий мувозанатни таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари манфаатини ишончли ҳимоя қилиш борасида эришилган муваффақиятлар ўз ифодасини топган. Ўзбекистоннинг ишлаб чиқаришни техник ҳамда технологик жиҳатдан янгилаш, саноатнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича эришган натижаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Мақолада таъкидланадики, юртимиз иқтисодиётининг барқарорлиги танланган ривожланиш йўлининг тўғри эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. “Кейинги йилларда мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиздан юқори бўлиб келмоқда. Дунё миқёсида кузатилаётган ҳозирги мураккаб иқтисодий вазият ҳисобга олинса, бу жуда юксак муваффақият ҳамда Президент Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилаётган узоқ муддатли стратегия самарадорлигининг яққол кўрсаткичи ҳисобланади”, деб ёзади нашр.
Мақолада, шунингдек, реал секторга улкан маблағ жалб этган республикамизнинг фаол сармоявий сиёсатига юқори баҳо берилиб, бу экспорт ҳажмини янада ошириш учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилишини сезиларли даражада кўпайтиришни таъминлагани қайд этилган.
Бундан ташқари, “Жэньминь жибао” Ўзбекистоннинг ижтимоий соҳада эришган муваффақиятлари билан ҳам ўз ўқувчиларини атрофлича таништиради. Шу ўринда республикамизнинг шаҳар ва қишлоқларида замонавий уй-жойларни барпо этиш, янги иш ўринларини яратиш, айниқса, аёллар ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларга алоҳида эътибор қаратилган. Нашрда ёзилишича, бу йўналишларда рўй бераётган ўзгаришлар аҳоли даромади ва турмуш фаровонлиги изчил ўсиб бораётганида яққол намоён бўлаётир.
Юртимизда халқаро ҳамкорликнинг ривожланиши мавзуси ҳам газета эътиборидан четда қолмаган. Жумладан, Ўзбекистон — Хитой ўртасида турли соҳалардаги ўзаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати, қўшма лойиҳалар амалга оширилишининг бориши билан боғлиқ маълумотларга мақолада кенг ўрин берилган. Нашр ўзаро алоқаларнинг муҳим қирраларига тўхталар экан, сиёсий мулоқотлар барқарор равнақ топишига ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламлари янада кенгайишига юқори ишонч билдирган. 
Мақолада бу йил ўзининг 15 йиллигини нишонлайдиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон раислик қилаётгани ҳам қайд этилган. “Жэньминь жибао”да Ўзбекистон ШҲТ тараққиёти, унинг меъёрий-ҳуқуқий замини мустаҳкамланиши, минтақада хавфсизлик ва барқарорлик таъминланишига муҳим ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланган. Унинг якунида маълум қилинганидек, жорий йилнинг июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг юбилей саммити чоғида ташкилотнинг ўтган даврдаги фаолиятига баҳо берилиши баробарида, истиқболга мўлжалланган режалари белгилаб олинади.

«Жаҳон» АА.
Пекин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn