Кичик бизнес равнақи мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг салмоқли натижаларида яққол намоён бўлмоқда
  • 26 Март 2016

Кичик бизнес равнақи мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг салмоқли натижаларида яққол намоён бўлмоқда

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Чунки мазкур соҳа бозор иқтисодиёти талабларига тезда мослашувчанлиги, энг асосийси, бир пайтда кўплаб янги иш ўринлари очиш имконияти мавжудлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.
Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, ишбилармонларга янада кўпроқ эркинлик берилиб, қўшимча имтиёзлар тақдим қилингани туфайли кичик бизнес нафақат сон, балки сифат жиҳатидан ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Бу, ўз навбатида, нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан муносиб баҳоланаётир.
Гап шундаки, Жаҳон банкининг маърузасида қайд этилишича, Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан мустаҳкам жой эгаллади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда кичик бизнес иқтисодиётимиз таянчи, унинг барқарор тараққиёти кафолатига айланган. Республикамизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми уларнинг ҳиссасига тўғри келаётгани бунинг яққол далилидир.
Кичик корхоналарда тайёрланаётган маҳсулотлар ўзининг юқори сифати ва рақобатдошлиги билан ташқи бозорларда ҳам тобора харидоргир бўлиб бораётгани, айниқса, қувонарлидир. Чунки уларда иш замонавий технологиялар асосида ташкил этилаяптики, пировардида ҳар қандай мижознинг талабига тўла жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти юзага келаётир. Мисол учун, пойтахтимиздаги “RF Fortuna tex” масъулияти чекланган жамияти Германия, Япония сингари хорижий давлатларнинг энг сўнгги русумдаги ускуна ва дастгоҳлари билан жиҳозлангани боис унинг экспортбоп либослари тезда шуҳрат қозонди.
Аслида, корхона ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Аммо унинг ёрлиғи туширилган кийим-кечаклар довруғи аллақачон чет элларга ёйилган. Бу ерда болалар, аёллар ва эркаклар учун тикилаётган либосларнинг 99 фоизи экспорт қилинаётгани шундай дейишимизга асос бўла олади.
— Рақобат кучайган ҳозирги шароитда мижозлар дидига мос маҳсулот тайёрлаш осон иш эмас, — дейди мазкур жамият дизайнери Нилуфар Исматуллаева. — Шу боис замонавий дизайнлар асосида либослар моделларини мунтазам равишда такомиллаштириб бораяпмиз. Бунда, энг аввало, бозор талаби, харидорлар хоҳиш-истагини ўрганган ҳолда, буюртмачилар талабини ҳам эътибордан четда қолдирмаяпмиз. Шулар асосида изланиб, янгилик яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Зарурат туғилса, миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган намуналар яратилмоқда. Кейинги пайтда буюртмачиларга ана шундай услубдаги либослар маъқул тушаётир. Болалар учун эса мультфильмлар қаҳрамонлари суратлари туширилган кундалик ва спорт либосларига талаб кучайган. Янги моделлар яратиш, қолипини компьютер ёрдамида тайёрлаб, ишлаб чиқаришга тез жорий этишимизда хорижнинг энг замонавий дастгоҳларидан фойдаланилаётгани қўл келаяпти.
Корхонанинг табиий матодан тикилаётган маҳсулотлари эса тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Буни соҳа мутахассислари ўзбек пахта толасидан тайёрланган халқ истеъмоли молларининг рақобатдошлиги билан изоҳлашади. Бироқ глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётган ҳозирги шароитда жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаш осон эмас. Кейинги йилларда, айниқса, тўқимачилик буюмларига бўлган талабнинг пасайиши оқибатида айрим давлатларда маҳсулот тайёрлаш ҳажми кескин тушиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Шундай оғир шароитда мамлакатимизда экспортчи корхоналар фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларга имтиёзлар берилаётгани туфайли талафотларнинг олди олинмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажми муттасил ўсиб, ўзбек либослари шуҳрати янада ошиб бораяпти. “RF Fortuna tex” масъулияти чекланган жамиятининг экспорт кўрсаткичлари йил сайин ўсаётгани ана шундан далолат беради.
Айтайлик, мазкур корхона ишга туширилган 2011 йилда чет эллик буюртмачиларга 306,4 минг АҚШ долларилик қўшимча қийматга эга маҳсулотлар етказиб берилган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 1 миллион 157,3 минг АҚШ долларини ташкил этди. Ўтган йили ундан-да кўпроқ — 1 миллион 841,4 минг АҚШ долларилик экспорт амалиёти бажарилди.
— Юртимизда  биз, тадбиркорлар фаолияти қўллаб-қувватланиб, қўшимча енгилликлар берилаётгани янги-янги марраларга руҳлантираяпти, — дейди жамият раҳбари Фахриддин Ёдгоров. — Айниқса, солиқ имтиёзлари фаолиятимизни кенгайтиришда муҳим омил  бўлмоқда. Нега деганда, солиқ тўловларидан иқтисод қилинган маблағлар ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қўшимча иш ўринлари яратиш, ишчи-ходимларни моддий жиҳатдан рағбатлантиришга йўналтирилаётир. 2015 йилда ушбу мақсадларга 270 миллион сўм сарфлангани бунинг  тасдиғидир.
Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, кичик бизнес наинки ишлаб чиқаришни ривожлантириш, балки ижтимоий масалаларни ҳал этишда ҳам етакчи куч ҳисобланади. Шу маънода, юртимизда кичик бизнес аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, барқарор даромад манбаларини яратиш ва турмуш фаровонлигини оширишда асосий роль ўйнамоқда. Бугунги кунда юртимизда иш билан банд бўлган аҳолининг 77 фоиздан ортиғи мазкур соҳада меҳнат қилаётгани, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар улуши 2010 йилдаги 47,1 фоиз ўрнига 52 фоизга етгани, бу эса МДҲ мамлакатларидаги кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқори экани кўп нарсани англатади. 
Ҳозирги кунда 170 га яқин киши меҳнат қилаётган “RF Fortuna tex” корхонасида ҳам янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жамоанинг 80 фоизи ёшлар эканлиги ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир. Моҳир чевар Севара Шахромова шундай ёшларнинг илғор вакилларидан бири.  
— Корхонамизда “Устоз — шогирд” мактаби асосида тикувчилик сир-асрорлари пухта ўргатилади, — дейди у. — Мен ҳам моҳир тикувчилар кўмагида замонавий тикув машиналарида ишлашни тезда ўрганиб олдим. Кўриб турганингиздек, бу ерда иш конвейер усулида ташкил этилган. Яъни ҳозир тикилаётган қизалоқлар байрамона кўйлакчасининг кимдир енгини, бошқаси ёқасини қўлдан чиқаради. Бичиш-тикиш ишининг сўнгги босқичи эса менинг зиммамда. Безак бераман. Шу тариқа соатига ўртача 100 дан ортиқ либосни тайёрлаймиз. Оиламга, жамиятимизга нафим тегаётганидан хурсандман.
Тикувчиликда энг устувор вазифа — сифат. Бунинг учун чеварлар ўз ишига ўта масъулият билан ёндашиши, либос тикиш чоғида, ҳатто, ип ва игнадан тўғри фойдалана олиши шарт. Йўқса, маҳсулот сифатига путур етади. Корхонада моҳир тикувчилар шакллангани боис мураккаб бичимдаги либослар тикиш тўлиқ йўлга қўйилган. Натижада буюртмалар кун сайин кўпаймоқда.
Лўнда қилиб айтганда, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимиз ривожида асосий куч сифатида майдонга чиқаяпти. Бу соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn