Тадбиркор ибрати
  • 26 Март 2016

Тадбиркор ибрати

Янгиер шаҳрилик ёш тадбиркор Шоҳсанам Абулованинг дизайнерлик касбини эгаллагани унинг ишбилармонлик фаолиятини йўлга қўйишида айни муддао бўлди.

Бинобарин, аввал якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошлаган чевар қиз яқинда “Қояли осмон” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилди.
— Эришаётган ютуқларимизда давлатимиз томонидан биз, тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятларнинг аҳамияти беқиёс, — дейди Ш. Абулова. — Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, банкдан олган дастлабки 28 миллион сўмлик имтиёзли кредит билан тикувчилик цехи очган эдим. Яқинда молия муассасаси янги бизнес-режамни маъқуллаб, уни амалга оширишим учун яна 40 миллион сўм ажратди. Ушбу кредит маблағини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва ўқув маркази ташкил қилишга йўналтирдик.
Ҳозир корхонада мактаб, лицей ҳамда коллеж ўқувчи ва ўқитувчилари учун либослар тикилмоқда. Шунингдек, жамиятда тайёрланаётган тақинчоқлар ўзига хослиги билан харидорлар эътиборига тушган. Ёш дизайнер яратган, миллий ва замонавий услублар уйғунлаштирилган бежирим кийимлар намуналари мамлакатимизда ўтказилаётган кўргазмаларда ҳам намойиш этиб келинаётир.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn