Ўзаро тажриба алмашиш самарали фаолият юритиш гаровидир
  • 26 Март 2016

Ўзаро тажриба алмашиш самарали фаолият юритиш гаровидир

Бугунги кунда иқтисодиётимизнинг барча тармоғида улкан муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Бу мамлакатимизда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

Албатта, ҳозирги жадал ривожланаётган даврда ҳар бир соҳада замон билан ҳамнафас бўлмай туриб, бирон-бир натижага эришиш қийин. Шу маънода, сўнгги пайтларда республикамизда акциядорлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш, бошқарувда янги усулларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янада жонлантириб юборди. Ушбу ҳужжат асосида иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, чет эл капитали иштирокида шундай жамиятларни ташкил этиш, эски бўлинма ёки лавозимлар ўрнига халқаро стандарт ҳамда бозор талабларига мосларини жорий қилиш сингари кўплаб вазифалар белгилаб берилган эди.
Шундан сўнг мазкур йўналишга дахлдор яна бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган бўлса, жорий йилнинг бошида “Корпоратив бошқарув кодекси — корпоратив бошқарув стандартларини жорий этишнинг самарали воситаси” мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Акциядорлик жамиятлари раҳбар ходимларини салоҳиятли чет эл инвесторлари иштирокида тузилган корхоналардаги замонавий корпоратив бошқарув амалиёти билан бевосита жойига чиққан ҳолда таништириш жадвали тасдиқланди.
Айни пайтда ушбу жадвал асосида хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда фаолият юритаётган корхоналарда акциядорлик жамиятлари раҳбарлари учун тадбирлар ўтказилмоқда. Шулардан бири  пойтахтимиздаги “Lotte City Hotel Tashkent Palace”  меҳмонхонасида бўлиб ўтди.  
— Бу мазкур йўналишдаги учинчи анжумандир,  — дейди Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази бош директори Исмат Нусуров. — Шу каби тадбирлар асносида корхоналар раҳбарлари ўзаро тажриба алмашиб, бошқарувнинг замонавий услубларини ўрганиш имкониятига эга бўлишаяпти.
— Юртингизда хорижий инвесторлар учун етарлича шарт-шароитлар яратилган, — дейди “Lotte City Hotel Tashkent Palace”  меҳмонхонаси бош менежери Жонг Рак Ли. — Биз бу имкониятлардан фойдаланиб, 2013 йили мазкур меҳмонхонани ишга туширдик. Умуман, “Lotte Group” Жанубий Кореядаги энг йирик бешта корпорация сирасидан бўлиб, дунё миқёсида унинг кўплаб мижозлари мавжуд. Эндиликда Ўзбекистонда ҳам барқарор ишлаб келаяпмиз. Бошқарув тизими бошқа соҳалар қаторида меҳмонхона хўжалигида ҳам катта аҳамиятга эга. Яъни иш тўғри ташкил этилсагина, муваффақиятга эришилади. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш самарали фаолият юритиш гаровидир.
Тадбирда иштирокчилар, шунингдек, “Lotte City Hotel Tashkent Palace” меҳмонхонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn