Қимматли қоғозлар бозори иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга
  • 26 Март 2016

Қимматли қоғозлар бозори иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга

Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида хусусийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдираркан, давлат мулки шаклидаги объектларни сотиш, уларнинг акциялари очиқ савдоларга қўйилаётгани мулкчилик шаклини тубдан ўзгартиришда қўл келаётганини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, иқтисодиёт ривожида қимматли қоғозлар бозорининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Шу боис мамлакатимизда уни замонавий талаблар асосида ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Тошкент” республика фонд биржасида  қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш ҳамда  инвесторлар учун қулай шарт-шароит яратиш борасида муайян чора-тадбирлар кўрилаяпти. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир. Яъни биржамизда ушбу ҳужжатлар доирасида фонд бозорига юқори салоҳиятли инвесторларни, аввало, хорижий инвесторларни жалб қилиш, қимматли қоғозларни бирламчи жойлаштириш ҳамда янги савдо майдончалари ташкил этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Натижада ўтган йили қимматли қоғозлар билан амалга оширилган битимлар сони 2794 тани ташкил этди. Бу сўнгги беш йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.
Бундан ташқари, биржа савдо айланмаси 161 миллиард  сўмга етиб, 78 та акциядорлик жамиятининг 357 миллион дона қимматли қоғози билан биржа битимлари тузилди.
Маълумки, иккиламчи бозор бу борада соғлом рақобатни шакллантиришнинг асосий омили ҳисобланади. Чунки у қимматли қоғозларни қайта сотиш механизми сифатида инвесторларга қимматли қоғозларни эркин тасарруф этиш ва харид қилиш имконини беради. Таҳлилларга кўра, ўтган йили умумий биржа савдо айланмасида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг улуши юқорилиги кузатилди. Аниқроғи, савдоларнинг 58,8 фоизи ёки 94,7 миллиард сўми ушбу бозорда амалга оширилди. Бунда тижорат банклари қимматли қоғозлари билан боғлиқ битимларнинг фаоллашгани асосий омил бўлмоқда.
Фонд биржаси фаолиятининг бир йиллик таҳлили иқтисодиётнинг молиявий сектори, яъни банк, суғурта ва лизинг компаниялари қимматли қоғозлари юқори инвестициявий жозибадорлик касб этганини кўрсатгани диққатга сазовордир. Шунингдек, бир йил мобайнида фонд биржаси савдоларида жисмоний шахсларнинг иштироки сезиларли даражада фаоллашиб, рўйхатга олинган умумий битимлар сонининг 77 фоизи ёки 2153 донаси улар ҳиссасига тўғри келди. Бундай ижобий ҳолат сўнгги беш йил давомида кузатилаётган бўлиб, бу даврда жисмоний шахслар томонидан қимматли қоғозларга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 8,6 миллиард сўмдан 18,6 миллиард сўмга етди. 
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, биржа савдоларида инвестор сифатида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг тижорат банклари қимматли қоғозларига бўлган қизиқиши ошаётир. Умумий жараёнда эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иштироки кенгаймоқда.
Фонд биржаси фаолияти барқарор ишлаб турган жамиятларнинг қимматли қоғозларини савдоларга янада кўпроқ жалб қилиш, уларга қулай ҳамда камхарж операцияларни таклиф қилиш омиллари билан боғлиқ. Шу боис 2015 йил 13 мартдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонунига ҳамда “Тошкент” республика фонд биржаси савдоси қоидаларига биноан, листинг компанияларининг қимматли қоғозлари муттасил котировка қилиб борилаётир. Бу эса листингдаги қимматли қоғозларнинг бозор баҳосини аниқлаш имконини бериш баробарида, акциядорлик жамиятларига қўшимча қулайликлар ҳам яратмоқда. 2010 йилда биржа листинги тартиб-таомилидан бор-йўғи 20 та акциядорлик жамияти муваффақиятли ўтгани ҳолда, жорий йилга келиб, биржа котировкалаш варағига кирган акциядорлик жамиятлари сони 261 тага етгани ана шундан далолат беради.
“Тошкент” республика фонд биржаси бундан кейин ҳам ўзининг замонавий электрон савдо тизими орқали акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозлари эркин муомалада бўлишини таъминлаш, кичик бизнес субъектлари ва аҳолини савдоларга таклиф қилиш, эмитент ҳамда инвесторларнинг фонд бозори имкониятларидан янада самарали фойдаланишларига ёрдам бериш юзасидан фаол ишлар олиб боради. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз фонд бозорининг янада ривожланиши ҳамда иқтисодиётимиз барқарорлиги таъминланишига хизмат қилади.

Алишер ЙЎЛДОШЕВ,
«Тошкент» республика фонд биржаси
бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn