Истеъмол маҳсулотлари ва таъминот
  • 25 Март 2016

Истеъмол маҳсулотлари ва таъминот

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси тизимидаги корхоналар томонидан қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, уларни сақлаш учун яратилган замонавий омборлар, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар” мавзуида анжуман бўлиб ўтди.

Маълумки, “Ўзулгуржисавдоинвест” — Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси Президентимизнинг 2006 йил 23 февралдаги “Улгуржи ва чакана савдони либераллаштириш ҳамда уни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 2006 йил 6 мартдаги “Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудий улгуржи савдо базалари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 30 мартдаги “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси тузилмасини ислоҳ қилиш ва фаолият самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қароридан сўнг эса унинг асосий вазифалари ва йўналишлари янада кенгайди.

Эндиликда уюшма юртимиз дала ҳамда боғларида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини улгуржи харид қилиш, сақлаш ва аҳолини ушбу неъматлар билан барқарор таъминлаш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда.

Шу билан бирга, жамоа аҳли улгуржи базаларнинг моддий-техника ресурсини ривожлантириш, озиқ-овқат товарлари ҳамда янги мева-сабзавот маҳсулотлари учун мўлжалланган омборхоналар қуриш, реконструкциялаш ва модернизациялаш ҳамда илғор ускуналар билан жиҳозлашни ташкил этиш вазифаларини ҳам бажараяпти. 

Ҳозирги кунда эса “Уюшма тизимида ўзаро ҳамкорлик ва томонларнинг мажбуриятлари тўғрисида”ги келишув шартномасига мувофиқ, ҳудудларда 60 та улгуржи савдо базаси ва корхона фаолият юритаётир. Улгуржи харид қилинган маҳсулотларни сақлаш учун бу корхоналарда 116 минг квадрат метр ҳажмда совитилмайдиган ҳамда 75 минг тонналик совитиладиган омборхоналар мавжуд. 

Уюшма тизимидаги базалар томонидан, шунингдек, 2015-2016 йиллар қиш-баҳор даври учун 70 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, 17 минг тонна картошка, шунча миқдорда пиёз, 15 минг тонна сабзавот, 9,5 минг тонна мева, 12 минг тонна гуруч, 500 тонна гўшт захираси жамғарилди. Бугунги кунда улар тасдиқланган жадвал асосида ички бозорга чиқарилиб, махсус ташкил этилган савдо расталарида аҳолига сотилмоқда. Бунда фермер ва деҳқон хўжаликлари билан маҳсулот харид қилиш бўйича тузилган 60 млрд. сўмлик фьючерс шартномалари айни муддао бўлаяпти.

Аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш ва ички бозорни рақобатдош моллар билан тўлдириш мақсадида улгуржи савдо базалари қошида ташкил этилган ишлаб чиқариш цехларида эса, 2015 йил якунига кўра, жами 19 млрд. сўмликдан зиёд қолипли нон, макарон, унли қандолат, 2,5 млрд. сўмлик гўшт ва сут, 4 млрд. сўмлик полиэтилен, 1,5 млрд. сўмлик атирсовун ва 2 млрд. сўмликдан кўпроқ бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

“Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмасининг 2016 йилдаги комплекс чора-тадбирлар -дастурига мувофиқ, қўшимча равишда мева-сабзавот (18 та), сутни қайта ишлаш (3 та), -замонавий қолипли нон, қандолат ва макарон маҳсулотлари тайёрлаш (7 та) цехлари бунёд этилади.

Юртбошимизнинг 2015 йил 29 декабрдаги “2016 — 2020 йиллар даврида қишлоқ хўжалигини қайта шакллантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан эса, мамлакатимиз ҳудудларида мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш, сақлаш, бирламчи ишлов бериш ва транспортларга юклаш юмушларини амалга оширишга ихтисослаштирилган 17 та логистика маркази ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, шундан 5 тасининг фаолиятини жорий йилда йўлга қўйиш кўзда тутилган. Шу мақсадда Андижон, Наманган, Фарғона, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳокимликлар билан биргаликда улар учун манзиллар аниқланиб, дастлабки ташкилий ишлар бошлаб юборилди.

“Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси жамоасининг пировард мақсади республикамиз аҳолисига ижтимоий муҳим ҳамда бошқа истеъмол маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш баробарида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ҳисобига озиқ-овқат захирасини кўпайтириш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш борасида режалаштирилган дастурларни изчил рўёбга чиқариш йўлида хизмат қилишдир.

 

Икром ЎТБОСАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn