Истиқболли тармоқ
  • 25 Март 2016

Истиқболли тармоқ

Фарғона вилоятида паррандачилик тармоғини ривожлантириш дастури доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу дастурга кўра, жорий йилнинг ўзида  ҳар бир туманда 100 мингта жўжа парваришлашга мўлжалланган мажмуалар бунёд этилмоқда.

Дастурда шахсий ёрдамчи хўжаликлар ва аҳоли хонадонларида ҳам ушбу тармоқни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда ишлаб чиқилган -истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун вилоятдаги улкан салоҳият ва тажрибага эга бўлган паррандачилик корхоналарида наслли жўжалар боқилиб, шартнома асосида уларга етказиб берилади.          

Ҳозирги кунгача бу борада дастлабки келишувга ҳам эришилди. Унга асосан, вилоят ҳокимлиги кўмаги билан Бешариқ туманидаги “Водий наслли парранда” хусусий корхонаси жамоаси банкнинг 17 млрд. сўмлик имтиёзли кредити ҳисобидан 3 млн. 200 минг дона 1-2 ойлик жўжани парваришлаб, аҳолига тарқатади. 

Таъкидлаш жоизки, “Водий наслли парранда” ҳудудда паррандачиликни жаҳон андозалари даражасида жадал ривожлантираётган замонавий корхоналар сирасига киради. Гап шундаки, бу ерда мустаҳкам инфратузилма, ахборот-коммуникация технологиялари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари мавжуд. Натижада 45 киши меҳнат қилаётган корхона томонидан йилига 60 минг дона товуқ, 10 — 15 тонна парҳез гўшт, 50 минг дона тухум, 250 — 300 минг дона зотдор жўжа аҳоли ва корхона-ташкилотларга тортиқ қилинмоқда. 

— Бугунги кунда корхонамизда 120 минг бош парранда боқишга мўлжалланган 3 та замонавий технология, Германиядан олиб келинган ва соатига 1000 дона тухум қадоқлаш идишларини ишлаб чиқарувчи цех самарали ишламоқда, — дейди унинг раҳбари Боҳиржон Турдалиев. — Бундан ташқари, хориждан келтирилган инкубациямиз, паррандачиликни йўлга қўйиш истагида бўлган хонадонларга амалий ва техник ёрдам кўрсатиш тизимимиз фаолият кўрсатмоқда.

Кўриниб турибдики, Фарғона вилоятида етти хазинадан бири — паррандачилик тармоғини ривожлантириш орқали ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва -хусусий тадбиркорлик субъектлари улушини орттириш йўлида олиб борилаётган изланишлар туфайли юқори натижалар қўлга киритилмоқда. Бу эса халқимиз дастурхонини парҳез маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётир.

 

Набижон СОБИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn