Саноатимиз ютуқлари намойиши
  • 24 Март 2016

Саноатимиз ютуқлари намойиши

Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» мажмуида «Uzbekistan Industrial Forum — 2016» саккизинчи халқаро саноат форуми иш бошлади.

Республикамиз иқтисодий ҳаётидаги энг йирик тадбирлар сирасига кирадиган ушбу анжуман олтита лойиҳани қамраб олган. Махсус техника, бутловчи буюмлар, сервис ва автоёқилғи қуйиш ускуналари — “UzSpecTechExpo”, металлургия, металлга ишлов бериш, машинасозлик — “UzMetalMashExpo”, кон саноати технология ва ускуналари — “UzMiningExpo”, хавфсизлик тизимлари ва ёнғин хавфсизлиги — “UzSecureExpo”, кимё саноати, пластмасса ва полимерлар ишлаб чиқариш ҳамда уларга ишлов бериш — “UzChemPlastExpo”, саноатни автоматлаштириш, ахборот технологиялари ва дастурий таъминот — “UzAutomationExpo” ихтисослаштирилган халқаро кўргазмалари ана шулар жумласидандир.
Форум Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзавтойўл”, “Ўзмахсусмонтажқурилиш” компаниялари, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятлари, Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “IEG Uzbekistan” компанияси ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилди.
Мазкур индустриал анжуман тармоқлараро маълумот алмашиш ва муносабатларни кенгайтириш, маҳаллий бозорга янги халқаро иштирокчиларнинг кириб келиши учун қулай шароит яратиш, энг замонавий ускуналар, технологиялар ҳамда технологик ишланмаларни кенг намойиш қилиш, ўзаро тажриба алмашиш, истиқболдаги йўналишларни белгилаб олишда катта аҳамиятга эга. Унинг нуфузи йил сайин ошиб, кўргазмага бўлган қизиқиш тобора кучайиб бораётгани шундан далолат беради. Буни жорий йилда бирлашган экспозицияларда Ўзбекистон, Австралия, Германия, Голландия, Италия, Финляндия, Швейцария, Хитой, Жанубий Корея каби дунёнинг 15 давлатидан 50 дан зиёд машҳур компания вакиллари қатнашаётганидан ҳам билиб олиш мумкин.
Кўргазмаларнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда иқтисодиётни таркибий ва сифат жиҳатдан ўзгартириш, саноатни жадал равнақ топтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, соҳага йўналтирилаётган сармоялар ҳажми ортиб бораётгани туфайли ишлаб чиқариш тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланаётганини эътироф этдилар. Пировардида ички бозор импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдирилиши баробарида, юртимизнинг экспорт салоҳияти ҳам тобора юксалаяпти. Албатта, республикамизда бу борада яратилган қулай ҳуқуқий-ташкилий шарт-шароитлар ана шу ютуқларга эришишда асосий омил бўлаётир.
Айниқса, Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори юқори технологияларга асосланган саноат тармоқларини ташкил этиш, унинг рақобатдошлигини таъминлашда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда. Зеро, шу асосда саноатни диверсификация қилиш ва янгилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилдики, бу қисқа даврда ўзининг салмоқли натижаларини берди. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон давом этаётганига қарамасдан, 2015 йилда ялпи ички маҳсулот 8 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоиз, қурилиш-монтаж ишлари ҳажми салкам 18 фоиз ошгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ, яқин йиллар ичида бу йўналишда умумий қиймати 40,809 миллиард АҚШ долларилик 846 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган. 
— Ўзбекистонда иқтисодиётнинг реал сектори йил сайин равнақ топиб бораётир, — дейди Италиянинг “Giovenzana International B.V” компанияси Ҳамдўстлик давлатлари бўйича минтақавий менежери Аржан Инзаги. —  Бу, ўз навбатида, унинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтирмоқда. Шу сабабли кўплаб хорижлик сармоядорлар қаторида италиялик ишбилармонлар ҳам бу ерда ўз бизнесини йўлга қўйиш, ўзаро кооперацияни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Айнан ана шу мақсадда мазкур анъанавий саноат форумида иккинчи бор иштирок этаяпмиз. Шуни ишонч билан айтаманки, юртингизда бунёдкорлик ва яратувчанлик юмушлари жадал олиб борилаяпти. Бу биз учун ҳам муҳим. Чунки компаниямиз лифт, юк кўтариш, ташиш, техник хизмат кўрсатиш, ҳаракатланувчи механизмларни назорат қилиш ва бошқариш асбоб-ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Мақсадимиз — янги шериклар топиб, улар билан истиқболли ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш.
Ҳафталик павильонларидан сўнгги ишланмалар, замонавий ускуналар, технологиялар ва хизматларнинг охирги авлодлари жой эгаллаган. Энг асосийси, уларнинг барчаси мавзу ҳамда мазмун  жиҳатидан бири-бирини тўлдириб, турдош тармоқ вакиллари ўртасида узоқ муддатли келишувларга эришиш учун қулай амалий муҳитни вужудга келтираяпти.
Хусусан, махсус техника, бутловчи буюмлар, сервис ва автоёқилғи қуйиш ускуналари — “UzSpecTechExpo” кўргазмаси доирасида автобетон, линияли насослар, бетон тақсимлаш ўқлари, универсал юкловчилар, шийпон жиҳозлари, умуман, қурилиш, йўл, коммунал соҳалар учун турли русумдаги махсус техникалар, ер қазиш, юк кўтариш ва ташиш машиналари ҳамда ускуналари билан яқиндан танишмоқдалар. Агар республикамизда 2020 йилгача 5815 та йўл-қурилиш техникаси харид қилиниши режалаштирилаётганини инобатга олсак, булар тизим корхоналаридаги махсус техника паркини янгилаш учун айни муддао бўлади.
Шу билан бирга, бу ерда автосервис, ёнилғи қуйиш, нефть маҳсулотларини сақлаш, ташиш қурилмалари, конвейерлар, чўмичловчи элеваторлар, турғун ва мобиль газтўлдиргич станциялари, автомобиллар ҳамда махсус техника воситаларининг дизелли двигателлари учун юқори ва паст босимдаги иссиқлик қувурлари кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда.
Кон саноати мутахассислари эътиборига эса фойдали қазилма бойликларини излаш, қазиб олиш, бойитиш, реал вақт режимида элементлар таркиби ва намлигини таҳлил этиш ҳамда инжиниринг, шахта ишларида қўл келадиган янги технологик дастгоҳлар, инновацион ғоялар ҳавола этилаётир.
Кимё саноати, пластмасса ва полимерлар ишлаб чиқариш ҳамда уларга ишлов бериш — “UzChemPlastExpo” кўргазмасидан кимё, пластмасса ҳамда полимерлар саноатининг энг сўнгги ютуқлари, замонавий технологиялари ўрин олган. Мазкур йўналиш, маълумки, иқтисодиётимизда истиқболли ҳисобланади. Шу боис бу борада қўлга киритилаётган ютуқлар чет эллик мутахассисларнинг ҳавасини келтираётгани бежиз эмас. Зотан, мустақиллик йилларида соҳада кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилдики, бу сифатли маҳсулот тайёрлаш ҳажмини муттасил равишда кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
Ўтган йили Сурғил кони негизида ишга туширилган ва умумий қиймати 4 миллиард АҚШ долларидан ошадиган Устюрт газ-кимё мажмуаси ана шундай саъй-ҳаракатларнинг ёрқин самараларидан биридир. Мазкур замонавий корхона йилига 83 минг тонна ноёб полипропилен маҳсулотини ишлаб чиқариш, полиэтилен етказиб бериш ҳажмини 3,1 баробар кўпайтириш, мингдан зиёд юқори малакали мутахассислар бандлигини таъминлаш имкониятини яратиши билан улкан аҳамиятга эгадир.
— Юртимизда тадбиркорлар учун барча қулайлик яратилган, — дейди “Namangan Rezina Plast” корхонаси директори ўринбосари Илҳом Раҳматиллаев. — Бундан биз ҳам оқилона фойдаланиб келаяпмиз. Айни пайтда тоғ-кон, металлургия, машинасозлик, қайта ишлаш саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига резинотехника товарлари тайёрлаб берилаётир. Шулар билан бир қаторда, маҳаллийлаштириш жараёнида фаол қатнашаяпмиз. Натижада ўтган йили 5 миллиард 3 миллион сўмлик маҳсулотимиз сотилди. Шу каби форумларда мунтазам иштирок этишимиз эса янги ҳамкорлар топиш, экспорт амалиётини йўлга қўйиш бўйича тажриба алмашишда қўл келмоқда.
Металлургия, металлга ишлов бериш, машинасозлик — “UzMetalMashExpo” ҳамда саноатни автоматлаштириш, ахборот технологиялари ва дастурий таъминот — “UzAutomationExpo” кўргазмаларида темир пресслаш, металл кесиш ва унга ишлов бериш асбоблари, автоматик ҳамда оқимли линиялар, мойловчи ва совитувчи суюқликлар каби машинасозлик ҳамда дастгоҳсозлик заводлари, металлургия компаниялари учун катта ассортиментдаги маҳсулотлар намойиш этилаяпти.
— Бугун иқтисодиёт тармоқларини изчил модернизациялаш тараққиётнинг бош кафолатларидан биридир, — дейди Швейцариянинг “Alfleth Engineering” компанияси лойиҳалар бўйича менежери Игорь Пасичник. — Ўзбекистонда ислоҳотлар айнан шу мезон асосида амалга оширилаётгани ўз мевасини бермоқда. Чет эллик бизнес вакиллари бу ерда фаолият юритишни исташининг боиси ҳам аслида шу. Уларнинг сафида биз ҳам бормиз. Компаниямиз металлургия ва металлга ишлов бериш заводларидаги маънан эскирган технологияларни янгилаш, уларга илғор инновацияларни етказиб бериш билан шуғулланади. Мазкур ҳафталик эса маҳаллий ишбилармонлар билан ўзаро мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш имконини яратади.
Сир эмас, ҳар қандай саноат корхонаси учун меҳнат муҳофазаси ва бехатар ишлаш долзарб саналади. Хавфсизлик тизимлари ва ёнғин хавфсизлиги — “UzSecureExpo” кўргазмаси ана шу жиҳатдан тадбиркорлар диққатини ўзига тортмоқда. Унинг секцияларида стратегик ва саноат учун аҳамиятли иншоотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларни ёнғиндан ҳимоя қилиш бўйича кенг турдаги асбоб-ускуна ва технологияларни учратасиз. Видеокузатув, радиоалоқа, ёнғин хавфсизлиги тизимлари, уларни ўрнатиш ва ишга тушириш хизматлари, махсус техникалар ана шулар сирасига киради.
— Корхонамиз хавфсизлик соҳаси учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва етказиб беришга ихтисослаштирилган, — дейди “Vip System Service” масъулияти чекланган жамияти директори Дилёра Шарапова. — Барча қурилмамиз тегишли сертификатларга эга ҳамда хорижникига нисбатан арзон. Айни пайтда маҳаллийлаштириш ҳажмини кўпайтириш устида иш олиб бораяпмиз.
Умуман, ҳафталик дастури ранг-баранг. Уч кун давом этадиган мазкур форум саноатимиз ютуқларининг чинакам тақдимотига айланиб, пировардида тармоққа инвестициялар ҳамда замонавий техника ва технологияларни кенг жалб этишга хизмат қилади.

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Томорқадан катта даромад Истиқболли тармоқ »