Иқтисодий алоқалар ривожланмоқда
  • 24 Март 2016

Иқтисодий алоқалар ривожланмоқда

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 23 март куни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Венгрия ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, банк-молия, фан ҳамда технология, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат саноати, сайёҳлик, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ҳамда идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Элёр ўаниев ҳамда бошқалар Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб йўналишлар қатори иқтисодий соҳада ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Венгрия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги фаол ҳамкорларидан. Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик, автомобилда халқаро йўловчи ва юк ташишга оид қатор ҳукуматлараро битимларга асосланади.
Савдо соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий этилган.
Мажлисда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоғини ислоҳ қилиш, модернизациялаш ва диверсификациялаш, иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш, хусусий мулкнинг улушини кўпайтириш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани қайд этилди.
Анжуман қатнашчилари Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажмини янада ошириш ва товарлар номенклатурасини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор эканини таъкидлади. Ушбу мамлакатлар савдо, фан ва техника, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, хусусий тадбиркорлик каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш борасида катта салоҳиятга эга экани айтиб ўтилди.
Венгрия делегацияси Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий сиёсат самаралари, хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг ҳамда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг пухта ишлаб чиқилган механизми, индустриал зоналардаги кенг имкониятлар ҳамда имтиёзлар билан таништирилди. Ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
— Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ва барқарор ривожланмоқда, — деди Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Ласло Сабо. — Бундай учрашув ва тадбирлар мамлакатингизда бизнес юритишнинг истиқболли йўналишлари билан янада яқинроқ танишиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш юзасидан музокара олиб бориш имконини беради.
Мажлисда иқтисодиёт, савдо ва сайёҳлик соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар иқтисодиётнинг турли йўналишларида сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги, фан, таълим каби соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашди. Икки мамлакатнинг ишлаб чиқариш субъектлари ўртасида бевосита ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Венгрия делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идораларида музокаралар ўтказди.

Нодира МАНЗУРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn