Талабга мос таклиф
  • 15 Март 2016

Талабга мос таклиф

Вилоятда ички бозорни импорт ўрнини босувчи истеъмол товарлари билан тўлдиришда фаол қатнашаётган кичик бизнес субъектлари сони тобора кўпаймоқда. Наманган туманидаги “Element paint” масъулияти чекланган жамияти — ана шулардан бири. Айни пайтда у ерда икки юздан ортиқ турдаги лок-бўёқ ҳамда пардозлаш ашёлари ишлаб чиқарилаяпти.

Травертин, яъни тошли сувоқ бинокорлик материали ҳисобланади. Жамоа томонидан яқинда ушбу маҳсулотни тайёрлаш ўзлаштирилди. Шу билан бирга, тўқимачилик соҳаси учун зарур бўлган елим тайёрлаш жараёнлари ҳам маҳаллийлаштирилди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ошди. Жумладан, 2015 йил давомида вилоятдаги қурилиш ташкилотларига 1 миллиард 360 миллион  сўмликдан зиёд пардозлаш материаллари етказиб берилди.

МЧЖ раҳбари А. Аҳмаджоновнинг таъкидлашича, талабга мос таклиф билан чиқиш ривожланиш омилидир. Шуни эътиборга олиб, корхонада модернизациялаш тадбирларини амалга оширишга қарор қилинди. Банк 1 миллиард сўм кредит ажратди. Унга хориждан илғор технологик ускуналар келтирилади. Лойиҳа ижросидан сўнг корхона қуввати эллик фоиз ортиб, жамоа сафига яна 20 киши қўшилади. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn