Қишлоқ хўжалигидаги янгиланишлар
  • 12 Март 2016

Қишлоқ хўжалигидаги янгиланишлар

ҳаётимиз фаровонлиги ва дастурхонимиз файзу баракасини таъминламоқда

Мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоғи каби аграр секторда ҳам Президентимиз томонидан кенг кўламли, ҳар томонлама пухта ўйланган ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида соҳада барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда.

Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ўсиши ўртача 6-7 фоизни ташкил қилаётганлиги, республика аҳолиси сонининг муттасил ортиб боришига қарамай, аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат товарлари ҳажмининг бир неча баробаргача кўпайганлиги соҳада ислоҳотлар стратегияси нақадар тўғри танланганлигидан далолат беради.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган қулай шарт-шароит, қолаверса, деҳқону фермерларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли 2015 йилда ҳам соҳада улкан ютуқларга эришилди. Ўтган йили эл-юрт хирмонига 7 миллион 500 минг тоннадан зиёд дон, 3 миллион 350 минг тоннадан кўпроқ пахта хом ашёси етказиб берилди, мева-сабзавотчилик, полизчилик, чорвачилик, пиллачилик ва бошқа тармоқлар бўйича ҳам юқори натижалар кузатилди.

Бу муваффақиятлар осонгина қўлга киритилгани йўқ, албатта. Деҳқон ва фермерларимиз қишнинг изғирини-ю, баҳор инжиқликлари, ёзнинг жазирама иссиғини -матонат билан енгиб, куну тун астойдил меҳнат қилдилар. Қолаверса, илғор хорижий давлатлар тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда, соҳани ислоҳ этиш бўйича ўта муҳим чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани, қишлоқда бозор муносабатлари жорий қилиниб, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий, техникавий ҳамда молиявий шарт-шароитлар тўлиқ яратиб берилаётгани соҳада эришилаётган ютуқларнинг муҳим омили бўлаяпти.

Ютуқларнинг мустаҳкам пойдевори

Қаерда эркин ишлаб, меҳнати натижасидан баҳраманд бўлиш учун қулай муҳит яратилса, ўша жойда тараққиёт, фаровонлик кузатилиши турган гап. Қувонарлиси шундаки, бугунги кунда юртимиз деҳқону фермерлари ана шундай шарт-шароитларга эга. Жумладан, экин-тикин учун уруғлик, минерал ўғит ва бошқа зарурий ресурслар бевосита фермернинг даласи бошигача етказиб берилиб, барча турдаги хизматлар кўрсатилаяпти. Шу билан бирга, улар молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. 

Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштирилишида соҳада ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, селекция ва уруғчилик ишларини яхшилаш, ғўза, бошоқли дон ва бошқа экинларнинг янги серҳосил навларини районлаштириш, замонавий тежамкор агротехнологияларни амалиётга кенг татбиқ этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Қолаверса, бу каби юксак натижалар Президентимиз ташаббуси билан жорий қилинган фермерлик ҳаракати амалда ўзини тўла оқлагани, деҳқонларимиз нақадар улкан ишларни бажаришга қодир эканлигининг ёрқин намунаси бўлди.

Озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлаш — устувор мақсад

Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар хусусида фикр билдирар экан, соҳага дахлдор яна бир масалага алоҳида тўхталиб ўтди. Яъни ўтган йилда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида -Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотга сазовор бўлган 14 давлатдан бири сифатида эътироф этилганини таъкидлади. Бу, албатта, нафақат соҳа вакиллари, балки барчамиз учун қувонарли ҳолдир. Негаки, сайёрамиз аҳолиси кўпайиб бораётгани истеъмол товарлари, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларига талабни оширмоқда.

Бундан ташқари, глобал иқлим ўзгаришлари, қурғоқчилик, сув тошқини ва бошқа -табиий офатлар туфайли айрим давлатлар ўз аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан ҳам таъминлай олмаяпти. Шу нуқтаи назардан қараганда, бозорларимиздаги тўкинчилик, нарх-навонинг барқарорлиги мисолида мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг беқиёс самарасидир.

Дарҳақиқат, заминимиз — саховатли. Серқуёш юртимизда етиштирилаётган ноз-неъматлар ўзининг бетакрор таъми, инсон организми учун фойдали бўлган витаминларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шу боис мева-сабзавотларимизга талаб хорижда ҳам юқори. Айни пайтда халқимиз эҳтиёжидан ортган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари яқин хорижий мамлакатлардан ташқари АҚШ, Япония, Таиланд, Индонезия, Саудия Арабистони, Словакия сингари кўплаб давлатларга экспорт қилинаяптики, бу Ўзбекистон нафақат ўзининг, балки бошқа мамлакатларнинг ҳам озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётганлигидан далолатдир.

Истиқлол йилларида экин майдонлари таркиби ўтган асрнинг 90-йилларидагига нисбатан тамоман ўзгарди. Агар ўша пайтларда асосий майдонларга чигит экилган бўлса, ҳозирги вақтда ғўза парваришланадиган ерлар деярли 

2 маротаба қисқартирилиб, уларнинг ўрнига дон ва дуккакли, сабзавот, полиз экинлари жойлаштирилиб, боғ ҳамда токзорлар барпо этилаётир. Бунинг натижасида Ўзбекистон қисқа муддатда ғалла мустақиллигига эришди. 

Ўтган йилда далаларимиздан 12 миллион 600 минг тоннага яқин сабзавот ва картошка, салкам 2 миллион тонна полиз, қарийб 2 миллион 800 минг тонна мева, 1,5 миллион тоннадан зиёд узум ҳамда бошқа турдаги маҳсулотлар йиғиштириб олинди. Бу халқимизнинг -эҳтиёжидан 2-3 баробар кўп кўрсаткичдир. Қолаверса, республикамиз бўйича 9,8 минг гектар майдонда интенсив боғлар, 9,9 минг гектарда токзорлар ташкил этилиб, иқтисодий самара бермаётган 12,3 минг гектар боғ ва 7,5 минг гектар яроқсиз токзорлар реконструкция қилингани ана шу муваффақиятга -мустаҳкам пойдевор яратди.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда мамлакатимизда мева-сабзавот, гўшт, сут, тухум, балиқ, асал каби маҳсулотлар етиштиришда ҳам юқори натижалар қўлга киритилаётир. 

Модернизация самараси

Кейинги йилларда заминимизда етиштирилган маҳсулотларни сифатли сақлаш ва чуқур қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган 2015 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган 230 та корхона, 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 та янги совитиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Натижада республикамиз бўйича мева-сабзавотларни сақлашнинг умумий қуввати 830 минг тоннадан ошди. Бу аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, экспорт кўламини кенгайтириш, энг асосийси, йил давомида нарх-наво барқарорлигига эришиш имконини бераяпти.

Шунингдек, кейинги пайтларда чорвачилик фермер хўжаликларини ривожлантириш, уларда наслли қорамоллар сонини кўпайтириш ва маҳсулдорликни ошириш мақсадида Австрия, Германия, Голландия, Польша ҳамда Европанинг бошқа мамлакатларидан 60 минг бошдан ортиқ наслли сигирлар келтирилиши натижасида биргина ўтган йили гўшт етиштириш ҳажми 2014 йилдагига нисбатан 3,9, сут ишлаб чиқариш 4,6 фоиз ўсди. 

Аҳолининг парҳез гўштга бўлган эҳтиёжини қондиришда паррандачилик муҳим ўрин тутади. Шу боис мазкур тармоқни ривожлантиришга йўналтирилган қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мисол учун, ўтган бир йил давомида рўёбга чиқарилган 930 дан ортиқ янги лойиҳа асосида 14 миллион 846 минг бош паррандани парвариш қилиш учун замин яратилди. Мавжуд 320 та инкубатордан 3,2 миллион бошга яқин -наслли жўжалар олиниб, паррандачилик хўжаликлари ҳамда аҳолига етказилди.

Маълумки, балиқчиликни янада ривожлантириш аҳолини турли минерал моддалар, оқсилларга бой парҳез гўшт билан таъминлаш имкониятларини оширади. Шундан келиб чиқиб, мазкур тармоқни такомиллаштириш, янги хўжаликларни ташкил этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш масаласи доимий эътиборда турибди. Пировардида ўтган йили ушбу йўналишда 914 та янги лойиҳа амалга оширилиб, 1904 гектар табиий ва 2949 гектар сунъий кўлларда балиқ парваришлана бошланди. Бундан ташқари, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда сув омборлари қошида балиқчиликка ихтисослаштирилган 130 та масъулияти чекланган жамият ташкил этилиб, уларда қафас усулида балиқ етиштириш йўлга қўйилди. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган йили 2014 йилдагига нисбатан қарийб 130 фоиз кўп балиқ овланди. 

Асаларичиликда ҳам худди шундай ижобий кўрсаткичларга эришилдики, натижада бозорларимиз шифобахш маҳсулотлар билан узлуксиз таъминланмоқда.

Маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш — тўкинлик гарови

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кескин кўпайтириш, уларни қайта ишлашни кенгайтириш, бозорларимизнинг янада баракали бўлишини таъминлаш, нарх-наво барқарорлигига эришиш баробарида, экспорт ҳажмини ошириб, деҳқоннинг, шу жумладан, фермерларнинг даромадини кўпайтириш, пировардида халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш кўзда тутилган. 

Президентимизнинг 2015 йил 29 декабрдаги “2016 — 2020 йиллар даврида қишлоқ хўжалигини қайта шакллантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни жадаллаштиришда муҳим дастуриламал бўлади. Чунки мазкур ҳужжатда тупроқ унумдорлиги нисбатан паст, сув таъминоти оғир, камрентабелли экин майдонларини қисқартириш орқали улар ўрнига мева-сабзавот, картошка, мойли ва бошқа озуқабоп экинларни жойлаштириш билан боғлиқ кўплаб вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, унда 2020 йилга қадар бўлган муддатда пахта етиштириладиган майдонлар 170,5 минг гектар, ғалла майдонлари эса 50 минг гектар, жами 220,5 минг гектар суғориладиган ерлар қисқартирилиб, улар ўрнида картошка, сабзавот, мойли ва озуқабоп экинлар экиш ҳамда янги интенсив боғлар барпо этилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, ғалла, пахта етиштиришда интенсив технологияларни қўллаган ҳолда, юқори ҳосилдорликка эришиш мўлжалланган. Жумладан, бир ва кўп йиллик бегона ўтлар босган майдонларда ерларни икки ярусли омочлар билан 35 — 40 сантиметр чуқурликда ағдариб ҳайдаш технологияси қўлланиладиган майдонларни 520 минг гектардан 901 минг гектаргача кўпайтириш, тежамкор, юқори унумли 8 қаторли чигит экиш сеялкалари ёрдамида чигит экиладиган майдонлар ҳажмини 214 минг гектардан 456 минг гектаргача ошириш, ерларни лазерли текислагичлар билан текислашни 26 минг гектардан 239 минг гектарга етказиш режалаштирилаётир. Ана шу тадбирлар ҳамда интенсив технологияларни қўллаш ҳисобига 2020 йилга бориб, ўртача ҳосилдорликни пахтачилик-да 26,9, ғаллачиликда эса 66,4 центнерга етказиш кўзда тутилган.

Юқорида қайд этилган тадбирлар амалга оширилиши натижасида яқин беш йилда -бошоқли дон етиштириш ҳажмини 8 миллион 500 минг тоннага етказиш, картошка етиштиришни 35, сабзавотни 30, мева ва узумни 21,5, гўшт етиштиришни 26,2, сутни 47,3, тухумни 74,5 фоиз кўпайтириш, балиқ етиштиришни 2,5 мартага ошириш мўлжалланмоқда. 

Умуман олганда, мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида аграр соҳа тармоқларини кенг миқёсда ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигини янада яхшилаш, замонавий интенсив агротехнологияларни амалиётга жорий қилиш, етиштирилган маҳсулотни сақлаш, бирламчи қайта ишлашни кенгайтириш, ўсимликлар касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича махсус чора-тадбирлар белгиланиб, уларни изчил амалга ошириш бошлаб юборилди.

Аграр соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, юртимиз тараққиётини таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Бундай ишлар кўлами йил сайин кенгайиб бораётгани, нафақат соҳада салмоқли муваффақиятларни қўлга киритишда, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда, -деҳқону фермерларимизнинг самарали фаолият юритишида муҳим аҳамият касб этаяпти. 

 

Акрам  АРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув 

хўжалиги вазирининг агротехнологиялар 

масалалари бўйича 

биринчи ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn