Қорақалпоғистон Республикаси: Йирик лойиҳалар, салмоқли натижалар
  • 12 Март 2016

Қорақалпоғистон Республикаси: Йирик лойиҳалар, салмоқли натижалар

Асрлар бўйи сокин уйқуда ётган Устюрт кенгликларида ҳаёт қайнайди. Ажабо... Мўъжизанинг ўзгинаси! Қаранг, бир пайтлар қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган саҳро бағрида йигирма беш йил ичида шунча янгиланиш, шунча ўзгаришлар... Бепоён кенгликлар боғу роғларга бурканиб, шаҳару овуллар обод ва кўркам қиёфа касб этмоқда. Бу ерда барпо қилинаётган йирик саноат мажмуалари нафақат Оролбўйи ҳудуди, балки бутун мамлакатимиз равнақида муҳим ўрин тутаётгани қувонарлидир.

“Қўнғирот сода заводи” унитар корхонаси ана шундай гигант ишлаб чиқариш мажмуаларидан биридир. Айни пайтда бу ерда тайёрланаётган ноёб хом ашё — кальцийлаштирилган сода бир қатор давлатларга экспорт қилинаётир. Эътиборли жиҳати, айни кунларда мажмуанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 100 минг тоннадан 200 минг тоннага кўпайтириш чоралари кўрилаяпти. Бу эса яқин истиқболда 276 кишининг бандлигини таъминлаш имконияти туғилади, дегани. Шу мақсадда Президентимиз қарори асосида корхона қошида Тошкент кимё-технология институтининг махсус сиртқи бўлими ташкил этилиб, унда йилига 65 нафар бакалавр, 15 нафар магистр тайёрлаш йўлга қўйилгани Қўнғирот сода заводини малакали кадрлар билан таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз. 

Ана шундай муҳим объектлар хусусида сўз юритганда, Жанубий кореялик инвесторлар ва мутахассислар билан ҳамкорликда Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуасини ҳам алоҳида тилга олиш жоиз. Умумий қиймати 4 миллиард АҚШ долларидан ошадиган ушбу иншоот юқори технологияларга эга  дунёдаги йирик замонавий корхоналардан бири, десак, муболаға бўлмайди. У ишга туширилиши билан йилига 83 минг тонна ноёб полипропилен тайёрлашга киришилади. -Ваҳолонки, бу турдаги маҳсулот илгари республикамизга четдан, валюта ҳисобига олиб келинганини эътиборга олсак, Оролбўйидаги мазкур истиқболли лойиҳанинг нечоғли катта аҳамият касб этиши ойдинлашади. Қолаверса, мажмуада ҳар йили тайёрланадиган 3,7 миллиард кубометр табиий газ, 387 минг тонна полиэтилен, 102 минг тонна пиролиз бензин ҳамда бошқа ноёб ашёлар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Бинобарин, корхона тўла қувватга эришгач, 1 минг 400 киши доимий иш жойи билан таъминланади. Бундан тўрт йил муқаддам Буюк Британиянинг консалтинг компанияси томонидан эълон қилинган рейтингда Устюрт газ-кимё мажмуаси дунёнинг ўнта глобал инвестициявий лойиҳалари қаторидан жой олгани ҳам бежиз эмас. Президентимиз ташаббуси билан тамал тоши қўйилган объектдан ҳозир кунига 1100 тонна полипропилен, 250 тонна полиэтилен, шунингдек, синтетик ёқилғи буюртмачиларга етказиб берилмоқда.

— Мамлакатимизда етакчи тармоқларни модернизациялаш жараёни изчил давом эттирилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Камилжон Набатов. — Бундай оқилона саъй-ҳаракатлар ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улуши тобора ортиши, экспортга йўналтирилган товарлар ҳажми кўпайиши, янги иш ўринлари яратилиши, шаҳар ва овуллар инфратузилмаси ривожланиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилаяпти. Шундан келиб чиқиб, мавжуд қувватларни техник ва технологик янгилаш жараёнига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Бунинг самарасини ўтган йил якунларига кўра, минтақада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 11, истеъмол товарлари тайёрлаш 17,8, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,3, қурилиш ишлари 8,7, чакана савдо 12,3 фоиз ўсганлигида кўриш мумкин. Ўз навбатида, 5 триллион сўмликдан ортиқ инвестициялар жалб этилди. Масалан, биргина саноат тармоқларида 145,3 миллиард сўмлик ва 16,5 миллион долларлик сармоялар ўзлаштирилиши туфайли 247 та лойиҳа амалга оширилиб, 6575 та иш ўрни яратилди. Бунда, аккумулятор ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Нурбек оқолтин”, иситиш қурилмалари тайёрловчи “Ҳурбиби”, кўмирни брикетга айлантираётган “Баҳодир ва К”, аҳолига синтетик кир ювиш воситалари етказиб бераётган “Манғит град медиа”, натрий сульфат экспорт қилаётган “Қўнғирот натрий сульфат” корхоналарининг катта ҳиссаси бор.

Албатта, саноатни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ҳамда диверсификациялаш импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турлари ва ҳажмини кўпайтиришнинг асосий омилидир. Муҳими, бундай ислоҳотларнинг амалий натижалари кичик бизнес субъектлари фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда. Зеро, соҳа вакилларига яратиб берилаётган беқиёс имконият ва имтиёзлар улар томонидан ишлаб чиқариш -тармоқларини замон талаблари даражасида ташкил этишда ҳал қилувчи ўрин тутаяпти. 

— Президентимизнинг йил якунларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси “Бош мақсадимиз — мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, олиб бораётган ислоҳотларни, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш ҳисобидан олдинга юришдир” деб номлангани диққатга молик, — мулоҳазалари билан ўртоқлашади Нукус шаҳридаги “Муродбек мебель” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мурод Тангриберганов. — Қаранг, ишбилармонларга шунча имконият-а! Санаб, адоғига етолмайсиз. Давлатимиз раҳбарининг биргина 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фаолиятимизда янги босқични бошлаб берди. Шу асосда биз, соҳа вакилларига қатор енгилликлар яратилди. Солиқ юки пасайтирилди. Экспорт-импорт шартномаларининг молия муассасалари томонидан қисқа муддатда рўйхатга олиниши, тадбиркорлик субъектлари учун банкда ҳисоб рақами очишдаги қулайликларни айтмайсизми?! Айниқса, жойларда “Бир дарча” марказлари фаолияти йўлга қўйилгач, кўпгина масалаларга осон ечим топадиган бўлдик. Шулардан руҳланиб, уй жиҳозлари ва идора мебеллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонамизни кенгайтириб бораяпмиз. Асосан, ёшлардан иборат 21 кишилик жамоамиз саъй-ҳаракати билан ҳозир буюртмачиларга 40 турдаги маҳсулотлар етказиб бераяпмиз. 

Қувонарлиси, бундай юксалиш суръатларини тўқимачилик корхоналари — Беруний туманидаги “Astеra Tехtilе”, Хўжайли туманидаги “Elite Stars Textile”, Элликқалъа туманидаги “Глобал национал текстиль” ҳамда Тўрткўл туманидаги “Тўрткўл Асака текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари фаолиятида ҳам кузатиш мумкин. 

Энг муҳими, минтақада саноатнинг изчил ривожи кўплаб ижтимоий масалалар ечимига ҳам кенг йўл очаяпти. Пировардида, жойларда мустаҳкам инфратузилма, замонавий ижтимоий соҳа объектлари, тураржойлар вужудга келмоқда.  

Кейинги йилларда Нукус шаҳри кўркам қиёфа касб этиб бораяпти. Ҳудудда Тошкент педиатрия институтининг Нукус филиали, Республика тиббиёт бирлашмаси, Болалар электрон кутубхонаси каби муҳташам иншоотлар қад ростлади. Шаҳарни кесиб ўтувчи “Дўстлик” канали қўш соҳилининг 2,5 километрлик қисми ободонлаштирилиб, унинг бўйида қатор маданий муассасалар, хиёбонлар барпо қилинди. Ана шундай дам олиш масканларидан бири — “Ёшлар маркази” олдида мусиқали фаввора фойдаланишга топширилди. 

Албатта, ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш — давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири. Бунда бошқа соҳалар қатори, спортнинг ҳам ўз ўрни катта. Шу боис истиқлол йилларида ўғил-қизларни жисмоний машғулотларга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Натижа эса қувонарли: бугунги кунда -Қорақалпоғистон Республикасида 3 минг 212 спорт иншооти, хусусан, 19 та стадион, 4 сузиш ҳавзаси, 713 та спорт зали, 2 минг 464 спорт майдончаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 334 минг 176 нафар навқирон авлод вакили спорт билан машғул. Мавжуд -тўгаракларга эса 112 минг 500 дан зиёд ўғил-қизлар қамраб олинган. 

— Ҳар гал эришган оламшумул ютуқларимиз ҳақида сўз борганда, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган ўй кечади хаёлимдан, — дейди Нукус давлат педагогика институти профессори Каримбой Қурамбоев. — Тўғри-да, атиги йигирма беш йил ичида шундай марраларни забт этишимизни, ким ўйлабди, дейсиз?! Фарзандларимизнинг ғайрат-шижоати, орзу-интилишларини қаранг! Юртбошимизнинг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам” деган эзгу даъвати уларни ҳамиша олға босишга ундаяпти. Илм-фан, санъату спорт, қўяверингки, барча соҳада пешқадам бўлишмоқда. Ҳозир Қорақалпоғистон Республикаси аҳли ҳам фаровон ҳаёт кечиришимиз учун яратиб -берилган шундай беқиёс имкониятлар учун давлатимиздан чексиз миннатдор. Бу туйғу, яъни ҳаётдан розилик, шукроналик ҳислари уларни Ватанимиз равнақи учун дахлдор бўлиб яшашга руҳлантирмоқда. 

Дарҳақиқат, “Ободлик кўнгилдан бошланади”, дейишади. Қалбдан кўчган яратувчанлик ҳисси эса хонадонлар, қишлоғу маҳаллалар кўркига кўрк қўшади. Зеро, Ватан — обод манзиллари билан файзу тароватли. Шу маънода, Қорақалпоғистон Респуб-ликасида бундан қарийб чорак аср аввал бошланган эзгу ишларнинг бардавомлиги кишида фахр уйғотади. Жумладан, қабул қилинган махсус дастурга биноан, 2016 — 2019 йилларда Нукус шаҳрида 5 миллиард 600 миллион сўм эвазига Темир йўл вокзали биносини реконструкциялаш ва атрофини ободонлаштириш, 6 миллиард 100 миллион сўмлик лойиҳага биноан, “Аччиқ кўл” чўмилиш ҳудудида замонавий дам олиш объектларини қуриш, ички автомобиль йўлларини таъмирлаш ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, 27 та кўп қаватли тураржой барпо этиш, минтақа маркази ва Беруний туманида 600 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, мазкур ҳудудларда ичимлик ҳамда оқова сув тармоқларини модернизациялаш режалаштирилган. 

Буларнинг барчаси истиқболда Оролбўйи ҳудуди янада обод ва салоҳиятли минтақага айланишидан далолатдир. 

 

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Шомурот ШАРАПОВ ва 

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn