Модернизация: Янгиланиш, сифат ва суръат
  • 10 Март 2016

Модернизация: Янгиланиш, сифат ва суръат

Заминимиз бой маъданли ресурслар ҳамда улкан хом ашё захирасига эга. 

Уларни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаб, харидоргир маҳсулотга айлантириш эса юқори даромад манбаидир. Зеро, бугунги соғлом рақобат муҳитида ички ва ташқи бозордан мустаҳкам жой эгаллаш жуда мушкул жараён. Истеъмолчиларнинг кун сайин ўсиб бораётган эҳтиёжларини таъминлаш учун сифатли товарлар тайёрлаш баробарида, уларни мақбул нархларда таклиф этиш ҳам талаб қилинади.

Айни шу жиҳат саноат субъектлари олдига янгидан-янги вазифалар қўймоқда. Жумладан, энергия тежовчи ускуна ва дастгоҳлар маҳсулотлар таннархини пасайтириш имконини берса, юксак билимли ҳамда салоҳиятли мутахассислар иш унумдорлигини оширишнинг муҳим омили ва кафолатидир. 

Президентимиз шу ҳақда тўхталар экан, “Фақат хом ашё ишлаб чиқариш ва уни бозорда сувтекин нархда бошқаларга сотиш билан юрадиган бўлсак, ўзгалар эса бу хом ашёни қайта ишлаш ҳисобидан унинг ёғини, қаймоғини оладиган бўлса, бундай йўл фақатгина мустамлакага айланган давлатларнинг қисмати бўлганини яхши биламиз”, дея таъкидлагандилар. 

Дарҳақиқат, изланиш, ташаббускорлик, янгиликка интилиш каби жиҳатлар — тадбиркорликнинг асосий шарти. Бунга амал қилмаган ишбилармонлар эса ривожланишдан ортда қолиши, шубҳасиз.

Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисида юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва янги босқичга кўтариш, улар экспорти ҳажмини юксалтириш устувор вазифалар сифатида белгиланди. Бу, ўз навбатида, тўқимачилик саноатига ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш субъектлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. 

Чунончи, кейинги йилларда Хоразм вилоятида мазкур тармоқни изчил ривожлантириш мақсадида қатор истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, воҳадаги мавжуд енгил саноат корхоналари сони 405 тага етди. Улар томонидан биргина ўтган йилнинг ўзида 639 миллиард 220 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, шундан қарийб 15 миллион АҚШ долларилик қисми хорижий давлатларга сотилди. Бунда Шовот туманидаги Чиғатойқалъа қишлоғида барпо этилган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Uztex Shovot” қўшма корхонасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. 

— 2012 йилнинг сентябрь ойида 33 миллион долларлик инвестиция ҳисобига иш бошлагандик, — дейди МЧЖ раҳбари Равшан Ҳайитбоев. — Ўшанда бу ерда йилига 5 минг тонна юқори сифатли калава ип ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Ўтган даврда модернизациялаш ишларига алоҳида эътибор қаратдик. Цехларимизга илғор ва тежамкор технологиялар келтирилди. Янги-янги қувватлар ўзлаштирилди. Мана, ҳозир корхонамиз нафақат вилоят, балки мамлакатимиздаги етакчи ишлаб чиқариш субъектларидан биридир. Бу ерда меҳнат қилаётган 1000 нафардан зиёд ишчи-мутахассис катта тажриба ва салоҳиятга эга. Ўтган йили корхонамизнинг иккинчи босқичи, яъни масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Шовот текстиль” қўшма корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг учун 28,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри сармоя жалб этилди. Пировардида хориждан энг сўнгги русумдаги технологиялар келтирилиб, яна 9,5 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш ва ундан 7,5 минг тонна калава ип тайёрлаш имконияти вужудга келди. 

Жамоа бу муваффақиятлар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Негаки, толадан йигирилаётган калава ип, бу — яримтайёр маҳсулот дегани. Уни бежирим ва кўркам дизайндаги либосларга айлантириш орқали олинаётган даромад салмоғини янада кўпайтириш мумкин. Қолаверса, бундай саъй-ҳаракатлар воҳа иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Қўшимча иш ўринлари яратилиб, юзлаб оиларга файзу барака киради. Ана шу жиҳатларни инобатга олган корхона мутасаддилари яна бир янги тармоқ — тикувчиликка ихтисослаштирилган “Евро тех глобал”нинг Шовот филиалига асос солди. Кўп ўтмай бу ерга хориждан 200 тага яқин замонавий тикувчилик ускуналари олиб келиб ўрнатилди. Шу аснода йилига 3 миллион дона экспортбоп кийим-кечак тайёрлашга киришилди ҳамда 400 нафар хотин-қиз жамоа сафига қабул қилинди. Улар саъй-ҳаракати билан қисқа даврда 32 минг дона бежирим либос тайёрланиб, тўлиқ экспортга жўнатилди.

— Қишлоғимизда яна бир янги корхонанинг ишга тушиши орзуларим рўёбига кенг йўл очди, — дейди чевар Садоқат Худойберганова. — Бу ерга ўрнатилган барча технология компьютерлаштирилган. Мен ва тенгдошларим ушбу илғор ускуналарни ҳеч бир қийинчиликсиз бошқараяпмиз. Махсус кийим-бош, бепул иссиқ овқат билан таъминланганмиз. Транспорт воситалари келиб-кетишимиз учун шай. Ишлаб чиқариш цехлари ёруғ ва озода. Дастгоҳлар бир маромда ишлайди. Ушбу жамоада меҳнат қилаётганимдан  мамнунман.

Айни пайтда корхона мутасаддилари ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш чораларини кўрмоқда.

 

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Шомурот ШАРАПОВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn