Лондонда бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти юқори баҳоланди
  • 10 Март 2016

Лондонда бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти юқори баҳоланди

Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги элчихонасида мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Буюк Британиянинг расмий, ишбилармон, илмий ҳамда эксперт доиралари вакиллари қатнашган тадбирда юртимизнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, давлатни модернизациялаш, саноатни диверсификация қилиш ва макроиқтисодий мувозанатни таъминлаш бўйича эришилган натижалар ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Чуқур таркибий ўзгаришлар, корпоратив бошқарувнинг замонавий тамойилларини қўллаш йўли билан иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар хорижлик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.
Буюк Британия жамоатчилиги вакиллари Ўзбекистоннинг ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган иқтисодий дастуридаги устувор вазифалар билан ҳам танишдилар.
Анжуманда сўзга чиққан Кембриж университети профессори Ш. Феннелл тараққиётнинг “ўзбек модели” ҳақида тўхталар экан, иқтисодиётни диверсификациялаш жараёни мураккаб бўлишига қарамай, Ўзбекистон бу борада салмоқли ютуқларни қўлга киритганини алоҳида таъкидлади.
Эришилган шу каби муваффақиятлар кўпгина халқаро молия институтлари томонидан юксак эътироф этилгани, айниқса, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратилгани маҳаллий ҳамда чет эллик сармоядорлар учун рағбатлантирувчи омил эканини билдирди.
Шунингдек, аграр соҳадаги тизимли янгиланишларни юқори баҳолади. Чунки ундаги ўзгаришлар нафақат маҳсулот етиштириш, балки уни чуқур қайта ишлаш ҳажмини ошириш, пировардида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг жаҳон бозорларида мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлаяпти.
“ING Bank” вакили Ф. Оллард мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланиб, унинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги иштироки ортиб бораётганини эътироф этди. “Буларнинг барчаси кичик бизнес вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга кўпроқ эркинлик бериш ва фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаётий дастурларнинг самарасидир. Умуман, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришаётган ютуқлари Буюк Британия ишбилармон доиралари вакилларида катта қизиқиш уйғотмоқда”, деди у.
“Pathfinder Trade & Invest” компанияси директори М. Томас иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, давлат мулки объектларини хусусийлаштириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ўта долзарб эканлигини таъкидлади. Сабаби, ўтган асрнинг 70-йилларида Буюк Британияда ўтказилган ана шундай жараёнлар мамлакат иқтисодиёти тараққиётига кучли туртки бўлганини ёдга олди.

«Жаҳон» АА.
Лондон

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn