Энергетика тизими: Иқтисодий юксалишнинг мустаҳкам таянчи
  • 05 Март 2016

Энергетика тизими: Иқтисодий юксалишнинг мустаҳкам таянчи

Ишлаб чиқаришни техник ҳамда технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, доимий равишда ички имконият ва захираларни излаб топиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ҳамда диверсификация қилишни изчил давом эттириш давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган тараққиёт стратегиясининг муҳим вазифаларидан биридир.

Шундан келиб чиқиб, энергетика соҳасига илғор технологияларни  жалб қилган ҳолда, модернизация ва реконструкция қилишни давом эттириш, тежамкор замонавий ускуналарни ўрнатиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил ошириш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бинобарин, ҳозирги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 41 фоизи саноат, 31 фоизи қишлоқ хўжалиги, 24 фоизи аҳоли ва коммунал хизматлар, 4 фоизи эса транспорт ва қурилиш тармоқларида фойдаланилмоқда.
Электр энергиясига ортиб бораётган эҳтиёжни таъминлашда тармоқдаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланган Сирдарё иссиқлик электр станциясининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Президентимизнинг  “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган дастурга кўра, бу ерда йирик модернизациялаш лойиҳалари бажарилгани муваффақиятларнинг бош омили бўлди.
Гап шундаки, дастурга мувофиқ, станциянинг 2 та энергоблокида модернизациялаш ва реконструкция қилиш тадбирлари амалга оширилди. Натижада блокларнинг умумий қуввати 50 мегаВаттга ортиши баробарида, уларнинг хизмат даври 20 йилга узайтирилди. Қолаверса, қиймати 60 миллион АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа туфайли биргина 2015 йилда 120 минг тоннадан ортиқ ёқилғи иқтисод қилиниб, бу борадаги сарф 10 фоизга камайтирилди.
Мазкур модернизациялаш тадбирларидан сўнг 1-қозон — турбина цехини бошқариш ва назорат қилиш автоматик тизимга ўтказилди.
— Янги технологик жараённинг афзалликлари кўп, — дейди корхонанинг иссиқлик автоматикаси ва ўлчовлар цехи бошлиғи Бекмирза Раҳмонқулов. — Масалан, аввал роторнинг ўқ бўйлаб айланиши ёки подшипникларнинг тебранишини назорат қилиш ёки ўлчаш учун ўнлаб индикатор ва асбобларни кузатиб туришга тўғри келарди. Аниқроқ айтганда, битта энергоблокнинг ўзида 200 дан зиёд ана шундай назорат-ўлчов ва бошқарув қурилмалари мавжуд эди. Энди эса бу иш ягона дастурлаштирилган техник мажмуа воситасида марказлаштирилган ҳолда бажарилмоқда. Муҳими, автоматик бошқарув ва диагностик аниқлик энергоблокларнинг узлуксиз ҳамда мўътадил ишлашини тўлиқ таъминлайди. Шунингдек, унинг хотираси ҳам мавжуд бўлиб, бу, ўз навбатида, ўтган ишлаб чиқариш жараёнларини бемалол ўрганиш ва таҳлил қилиш имконини беради.
Яна бир жиҳати шундаки, корхонада кадрлар салоҳиятини ошириш алоҳида эътиборда. Яъни техник ва технологик янгиланишлар билан бирга, мутахассис-кадрлар малакасини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар станциянинг барқарор фаолиятини таъминлашда катта аҳамият касб этаяпти.
— Корхонамизда 2600 га яқин киши меҳнат қилади, — дейди кадрларни бошқариш бўлими бошлиғи Умиджон Маханов. — Уларнинг асосий қисми Ширин энергетика касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир. Махсус ўқув марказимизда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг мураккаб жараёнлари ва бу борадаги замонавий технологиялар бўйича  машғулотлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Албатта, бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераяпти. Республикамизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 30 фоиздан ортиғи, яъни йилига ўртача 15 миллиард килоВатт/соат электр қуввати мазкур станцияда ҳосил қилиниб, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига етказиб берилаётгани бунинг тасдиғидир.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn