Талаб ва эҳтиёж ўрганилди
  • 05 Март 2016

Талаб ва эҳтиёж ўрганилди

Мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари кенг кўлам касб этаётган бугунги кунда қурилиш ашёларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.

Қўшкўпирлик тадбиркор Ойбек Оллаберганов ана шу эҳтиёж ва талабдан келиб чиқиб, замонавий эшик ҳамда дераза ромлари тайёрлашга ихтисослаштирилган “Қўшкўпир савдо инвест” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилди. Айни пайтда илғор технологиялар ёрдамида йилига 500 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти вужудга келди.
Корхона қошида маиший хизмат ва сервис мажмуаси ҳам қурилиб, ишга туширилди. Бу ерда аҳолига савдо хизмати билан бирга, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳа 1 миллиард сўмлик банк кредити ва ўз маблағи ҳисобига рўёбга чиқарилди. Ҳозир корхонада ҳар ойда ўртача 60 миллион сўмликдан ортиқ қурилиш материаллари тайёрланмоқда ҳамда аҳолига турли хизматлар кўрсатилаяпти. Муҳими, ушбу лойиҳа амалга ошиши билан қишлоқ ёшларидан 20 нафари муқим иш ўрнига эга бўлди.
Эътиборлиси, ўтган йили вилоятда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити туфайли 1 минг 200 дан ортиқ янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иш бошлади.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn