Хусусий секторга катта имтиёз
  • 05 Март 2016

Хусусий секторга катта имтиёз

Юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараларини ҳаётимизнинг барча жабҳасида кўриш мумкин.

Хусусан, давлатимиз томонидан хусусий сектор вакилларининг қўллаб-қувватланиши ва муносиб рағбатлантирилиши туфайли жойларда янги-янги ишлаб чиқариш субъектлари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми муттасил ортиб бораяпти. Мавжуд корхоналарнинг босқичма-босқич модернизация қилиниши эса истеъмол товарлари рақобатдошлигини таъминламоқда.
Бунга Фарғона вилояти ишбилармонлари томонидан рўёбга чиқарилган истиқболли лойиҳалар яққол мисол бўла олади. Чунки уларнинг изланишлари туфайли кўплаб турдаги янги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилди. Пировардида аҳоли эҳтиёжлари таъминланиши баробарида, хорижлик ҳамкорлар билан алоқалар кўлами кенгайди. Президентимизнинг 2014 йил 4 февралдаги “2014 — 2016 йилларга тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги ҳамда 2015 йил 11 февралдаги “2015 — 2019 йиллар учун тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарорлари муваффақиятларнинг бош омили бўлди.
Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, ўтган йили 15 та корхонада 22 та лойиҳа рўёбга чиқарилгач, 52,5 миллиард сўмлик рақобатдош маҳсулот тайёрланди. Бунда Фарғона шаҳридаги “Экопласттекс”, “Белла пласт”, “Газ буюм”, Қўқон шаҳридаги “Глобал Азия стандарт”, “Крисстал инвест пласт”, Данғара туманидаги “Мега Кетл” каби хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳиссаси салмоқли бўлди. Яна бир мисол: шу кунгача вилоят тадбиркорлари Маҳаллийлаштириш дастури доирасида автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар етказиб беришган бўлса, эндиликда полиэфир тола, бўёқ, сэндвич панел каби импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқаришмоқда. Бундан ташқари, кундалик турмуш учун зарур электр чойнаклар, иситиш батареялари, болалар ўйинчоқлари, аёллар сумкалари, яримтиркамали газ цистерналари тайёрлашга киришилгани ҳисобига 14,6 миллион АҚШ долларилик валюта тежаб қолинди. Бинобарин, 61 иш ўрни яратилиб, уларга, асосан, касб-ҳунар коллежларини тугатган йигит-қизлар қабул қилинди.
Шу ўринда Маҳаллийлаштириш дастури бераётган бошқа имкониятлар ҳақида тўхталсак. Гап шундаки, фарғоналик саноатчилар кўзда тутилган солиқ имтиёзларидан фойдаланиб, 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағни иқтисод қилишга муваффақ бўлдилар. Ушбу сармоялар корхоналар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қўшимча қувватларни ишга туширишга йўналтирилмоқда. Жумладан, Фарғона шаҳридаги “Белла пласт” масъулияти чекланган жамиятида 555 миллион сўм, “Экопласттекс” корхонасида 261 миллион сўмдан ортиқ иқтисод қилинган инвестициялар модернизациялаш тадбирларига сарфланиши режалаштирилган.
Яқин истиқболда Фарғонада 162 турдаги қўшимча қийматга эга маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилиши белгиланган. Шунга кўра,  ўтган йилнинг ўзида 14 та корхона Маҳаллийлаштириш дастурига киритилди. Тошлоқ, Қува, Олтиариқ, Қўштепа, Риштон, Фарғона, Фурқат, Ўзбекистон, Учкўприк туманларидаги саноат тармоқлари ана шулар сирасидандир. Мазкур ҳудудларда бир йил ичида 42,7 миллиард сўмлик товарлар тайёрланиб, истеъмолчиларга етказиб берилди.
Келгусида кўрсаткичларимиз салмоғи янада ортади. Бунинг учун имкониятларимиз етарли.

Шуҳратжон ТОЖИҲАКИМОВ,
Фарғона вилояти иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn