Иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили
  • 04 Март 2016

Иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили

Навоий вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмиталари томонидан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши билан биргаликда ўтказилган тадбирда мазкур ҳудудда эркин индустриал-иқтисодий зона фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижроси ҳамда ушбу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. 

Иштирокчилар махсус иқтисодий зоналар фаолиятини йўлга қўйиш мамлакатга чет эл капиталини жалб этишда муҳим ўрин тутишини таъкидлашди. Чунки улар бозор муносабатларининг самарали воситалари ҳисобланади. Шу билан бирга, миллий иқтисо-диётни янада модернизациялаш ва диверсификациялаш, халқаро бозорда рақобатдошликни ошириш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида ин-вестициялар ҳажмини кўпайтиришга имкон беради.   

Мамлакатимизда иқтисодий зоналар фаолиятининг ҳуқуқий асоси шакллантирилган. “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонун мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эгадир. 

Навоий вилояти мамлакатимизнинг йирик индустриал марказларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2008 йилнинг декабрида юртимиз тарихидаги биринчи эркин индустриал-иқтисодий зона айнан шу вилоятда ташкил этилди. Халқаро стандартларга жавоб берадиган ва жаҳон бозорларида талаб қилинадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий инвестицияларни, биринчи галда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Навоий вилоятининг саноат салоҳиятини, ишлаб чиқариш, транспорт-транзит ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш вазифаси қўйилди.

Президентимизнинг  “Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, ЭИИЗ ҳудудида алоҳида божхона, валюта ва -солиққа оид тартиб жорий қилинган, кириш йўллари,  шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаганларнинг меҳнат фаолиятини рўёбга чиқаришга рухсат бериш таомили соддалаштирилган.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида чет эл инвестицияларини жалб қилиш, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар фаолиятини рағбатлантириш, улар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эркин индус-триал-иқтисодий зона фаолиятининг моддий-техника ва ташкилий шароитларини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор тадбирлар амалга оширилган.

Ҳозирги вақтда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида 19 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган давр мобайнида жалб этилган чет эл инвестицияларининг ҳажми 122 миллион АҚШ долларини ташкил қилди, уларнинг 35 фоизи тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларидир. Фақатгина 2015 йилнинг ўзида ишлаб -чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 180 миллиард сўмдан ортиқни, экспорт ҳажми эса 5 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этди. 2014 йил билан таққослаганда, ўтган йили экспорт ҳажми 3 баравар ортди.

Шу билан бирга, муҳокама чоғида айтиб ўтилганидек, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётган ва дунё иқтисодиётининг ўсиш суръатлари пасайиб бораётган бир шароитда чет эл инвестицияларини жалб қилиш, хорижий корхоналар фаолиятини рағбатлантириш ва чет эллик инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ҳамда норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, қолаверса, тегишли органларнинг, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида лойиҳаларни рўёбга чиқаришга жалб этилган компанияларнинг фаолиятини кучайтириш ва масъулиятини ошириш талаб қилинмоқда.

Анжуман иштирокчилари томонидан инвестициявий иқлимни яхшилаш, мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, маҳсулотлар ишлаб чиқаришда рақобатдошликни ошириш, чет эл эркин иқтисодий зоналари тажрибасини ўрганиш борасида бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn