Ўзаро манфаатли алоқалар, қулай имкониятлар
  • 03 Март 2016

Ўзаро манфаатли алоқалар, қулай имкониятлар

“Ўзэкспомарказ” мажмуида бирйўла учта — “Қурилиш — UzBuild — 2016”, “Мебель, ишлаб чиқариш технологиялари — MebelExpo Uzbekistan — 2016” ва “Иситиш, ҳавони тозалаш — Aqua-therm Tashkent — 2016” халқаро кўргазмалари иш бошлади.

Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма -компанияси томонидан ташкил этилди.

Очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимизнинг барча тармоғида барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Айниқса, қурилиш саноатида салмоқли ютуқлар қўлга киритилаётир. Жумладан, ўтган йили юртимизда қурилиш-монтаж ишлари салкам 18 фоиз ошган бўлса, “Ўзқурилишматериаллари” АК тизимидаги корхоналарда 2 триллион 160 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари тайёрланиб, ўсиш суръати аввалги йилдагига нисбатан 6,1 фоизни ташкил этди.

Бу каби ижобий ўзгаришлар хорижлик ишбилармон ва мутахассислар эътиборини тортмасдан қолмаяпти, албатта. Зеро, учала халқаро кўргазмада Хитой, Австрия, Германия, Италия, Финляндия, Дания, Испания, Польша, БАА сингари давлатлардан 300 дан ортиқ компания ҳамда фирма вакиллари  ўз маҳсулот ва хизматларини таклиф қилаётгани шундан далолат беради. 

— Чиндан ҳам, республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари сифатли қурилиш материалларига бўлган талабни оширмоқда, — дейди “Bak Tash Inter Servis” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёр Назаров. — Шуларни инобатга олиб, биз ҳам қурилиш-пудрат ташкилотларига, аҳолига лок-бўёқ, томёпқич, елим каби қурилишбоп маҳсулотларни етказиб бераяпмиз. Кўргазма ана шу йўлдаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Масалан, тадбирнинг дастлабки куниданоқ бир қатор ташкилотларга маҳсулот сотиш юзасидан келишувга эришдик, бир нечта хорижлик ишбилармонлар билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлдик. Қолаверса, бу ерда соҳадаги энг сўнгги янгиликлар билан ҳам танишаяпмиз.   

Бундай фаолликни “MebelExpo Uzbekistan — 2016” халқаро кўргазмаси павильонларида ҳам кузатиш мумкин. Мазкур тадбирнинг ўзи “Ёғочга ишлов бериш ускуналари”, “Мебель  кимёси” ва “Мебель ишлаб чиқариш учун хом ашё ва материаллар” бўлимига ажратилганки, бу қатнашчилар қаторида, ташриф буюрувчиларга ҳам катта қулайлик яратмоқда. 

Эътиборли жиҳати, кейинги йилларда мазкур кўргазмада ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар иштироки анча кенгайган. Айтайлик, унда ўтган йили 17 та маҳаллий -саноат корхонаси ўз маҳсулотлари ҳамда хизматларини тақдим этган бўлса, бу йил уларнинг сони 26 тага етган. 

“Aqua-therm Tashkent — 2016” кўргазмасида эса тураржой ва коммунал хўжалиги учун технология ҳамда материалларнинг энг илғор ечимлари тақдим этилаяпти. Уларга бўлган қизиқиш ҳам анча юқори.

Жорий йилги халқаро кўргазмаларда, шунингдек, турли тақдимот маросимлари ва семинарлар ўтказилиши режалаштирилгани унинг янада самарали бўлишидан -далолатдир.  

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

СУРАТЛАРДА: кўргазма фаолиятидан лавҳалар.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn