Барқарор фаолият ва самарадорлик гарови
  • 03 Март 2016

Барқарор фаолият ва самарадорлик гарови

Ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жалб қилиш барқарор фаолият кафолатидир. Шу боис мамлакатимизда саноат корхоналарига инновацион ишланмалар татбиқ этилаяпти. Натижада катта миқдорда табиий ресурслар тежалиши баробарида, иқтисодий самарадорликка ҳам эришилмоқда. Айниқса, ёқилғи-энергетика тизимига -инновациялар изчил жорий қилинганини айтиб ўтиш жоиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 июлдаги қарорига мувофиқ, Халқаро тараққиёт уюшмаси (IDA) иштирокида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси устида амалий ишлар олиб борилаяпти. Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида ишлаб чиқариш субъектларига тежамкор асбоб-ускуналар сотиб олинди. Бунда Халқаро тараққиёт уюшмасининг 25 миллион АҚШ долларилик узоқ муддатли имтиёзли кредити қўл келди. Пировардида 35 та лойиҳа амалиётга татбиқ этилиб, улар саноатнинг тоғ-кон, кимё, энергетика, нефть ва газ, қайта ишлаш каби муҳим тармоқларига йўналтирилди. Бунда, асосан, жисмонан ва маънан эскирган ишлаб чиқариш қувватларини замонавийларига алмаштириш, мавжуд хом ашё базасидан оқилона фойдаланиш, ёрдамчи хўжаликларга муқобил энергия манбаларини татбиқ этишга устувор аҳамият қаратилди.  Мисол учун, “Навоийазот” АЖнинг тўққизта цехига ҳам замонавий ускуналар ўрнатилгач, йилига 27,1 минг мегаватт электр энергиясини иқтисод қилиш имконияти яратилди. 

Истиқболли лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши унинг иккинчи босқичига ҳам тезкор киришишни тақозо қилди. Натижада ҳозирги кунда ажратилган 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига яна 43 та лойиҳа амалга оширилаяпти. Ҳисоб-китобларга кўра, юқорида кўрсатилган лойиҳалар самараси ўлароқ, 529 миллион киловатт/соатдан ортиқ электр энергияси ҳамда 214 миллион кубометр табиий газ тежалади. Айтайлик, “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамиятида электр энергияси учун сарфланадиган харажатларни 25 фоиз қисқартириш, “Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖнинг технологик қурилмаларидаги электр ускуналари, насос ва ҳаво билан совитиш вентиляторларининг электр двигателларига 30 киловаттдан 1250 киловаттгача бўлган қувватдаги жами 321 дона частотали ростлагичлар ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Унинг тўлиқ амалга оширилиши туфайли биргина Муборак газни қайта ишлаш заводида йилига ўртача 26 миллион киловатт/соат электр энергияси иқтисод қилинади. Яна бир муҳим жиҳати, ускуналарнинг ишлаш муддати ҳам узайтирилади.  

Умуман, айни пайтда бундай чора-тадбирларнинг аниқ дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унда тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, йирик саноат корхоналари иштирок этаяпти. Зеро, нефть, газ, кўмир каби табиий ёқилғилар ўрнига уларнинг муқобил турларидан фойдаланиш бугунги давр талабига айланмоқда. Президентимизнинг  2015 йил 5 майдаги “2015 — 2019 йиллар учун иқтисодиёт ва ижтимоий тармоқ соҳаларида энергия ҳажмини қисқартириш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада жадаллаштириб юборди. Унга кўра, “Йўл харитаси” тасдиқланди. Саноат корхоналари ва хонадонларда энергия ресурсларидан тўғри фойдаланишнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларини янада такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича махсус режа ишлаб чиқиш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдек устувор вазифалар белгилаб берилди. 

Айни пайтда унинг ижроси юзасидан муайян чора-тадбирлар кўрилаяпти. Хусусан, 2018 йилгача мўлжалланган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси ҳам мазкур ҳужжат асосида рўёбга чиқарилмоқда. Боиси энергия манбаларини самарали ишлатиш  нафақат саноат корхоналарида сарф-харажатларни камайтиришга, балки улар ўртасида рақобатдошликни оширишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли. Иқтисодиётдаги соғлом муҳит эса барқарор ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда айни муддаодир.

Дария КУДАБАЕВА,

Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги «Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси мутахассиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn