Экологик тоза, иқтисодий жиҳатдан фойдали
  • 01 Март 2016

Экологик тоза, иқтисодий жиҳатдан фойдали

Бугунги кунда ишлаб чиқаришни экологик талаблар асосида янгилаш, атроф-муҳит, инсон саломатлиги учун хавфсиз технологияларни жорий қилиш жараёни жадал тус олмоқда.

Бундай лойиҳалар иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланган автомобилсозлик саноатида ҳам амалга оширилаяпти. Сабаби эса оддий: ресурслар чекланган, биосферани асраш энг долзарб вазифага айланган.
Шу маънода, мамлакатимизда мазкур соҳада модернизациялаш тадбирлари изчил олиб борилаётгани туфайли халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган — қулай, хавфсиз, ишончли ва тежамкор автомобиллар ишлаб чиқарилаяпти.
Шу билан бирга, мавжуд транспорт воситаларини муқобил ёнилғи билан ишлайдиган илғор технологиялар асосида қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 10 февралдаги “Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станциялари шохобчаларини ривожлантириш ҳамда автотранспорт воситаларини суюлтирилган ва сиқилган газга босқичма-босқич ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим омил бўлмоқда.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда автомобилларни газ ёнилғисида ишлашга мослаштириш жараёни жадал давом эттирилмоқда. Бу юртимизда янги соҳага асос солингани, бунинг эвазига 2 мингдан ортиқ тадбиркор шахсий бизнесига, бири-биридан кўркам шохобчалар, газбаллон ўрнатадиган устахоналарга эга бўлгани, тизимда 15 минг нафардан зиёд кишининг бандлиги таъминлангани шарофатидир, албатта.
Таҳлилларга қараганда, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор шохобчаларини қуриш ҳамда автотранспорт воситаларини сиқилган табиий газга ўтказишнинг прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилган. Бошқача айтганда, ҳозирги кунга қадар 750 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси сиқилган табиий газда, 360 мингдан зиёди эса суюлтирилган углеводород газида ишлашга мослаштирилди. Ўз навбатида, автомобилларни газ билан тўлдиришга ихтисослаштирилган 450 тадан ортиқ компрессор шохобчалари (АГТКШ), салкам 1000 та суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси (АСГҚШ) хизмат кўрсатиб келмоқда.
Мамлакатимизда автомобилларнинг босқичма-босқич муқобил ёнилғига ўтказилаётгани бежиз эмас, албатта. Бу ёнилғи мустақиллигига, экологик хавфсизликни таъминлашга, атроф-муҳит мусаффолигига эришиш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг узвий давомидир. Газ ёрдамида ҳаракатланадиган транспорт воситалари анъанавий ёнилғида юрадиганларга нисбатан атмосферага СО2  моддасини 5 баробар кам чиқаради. Қолаверса, унинг иқтисодий тарафдан тежамли эканлигини айтмайсизми?!
Бироқ шуни қайд этиш ўринлики, қўлга киритилган ютуқлар билан бирга, айрим камчиликлар мавжудлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Соҳада турли касб эгаларининг фаолият юритиши, четдан олиб келинаётган айрим газбаллонларнинг сифати пастлиги, уларни синаш ва сертификациялаш лабораторияларининг камлиги оқибатида нохуш ҳолатлар ҳам рўй берган. Бундан ташқари, газ тўлдирувчи шохобчаларнинг иш тартибини он-лайн режимида назорат қилиш йўлга қўйилишини бугун замоннинг ўзи тақозо қилаётир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 ноябрдаги қарорига биноан тасдиқланган Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида Умумий техник регламент соҳадаги бу каби масалаларнинг ечимини топгани, хизмат кўрсатиш сифатини тубдан оширгани билан ғоят аҳамиятлидир.
Регламентда фақат Ўзбекистон иқлим шароити талабларига тўла жавоб берадиган металл газбаллонлари ишлатилиши кўзда тутилган. Метан газида ишлайдиган баллонларни ҳар уч йилда кўрикдан ўтказиш, улардан кўпи билан 15 йил фойдаланиш ёки 15000 марта тўлдириш мумкинлиги, пропан газига мўлжалланган баллонларни эса ҳар икки йилда кўрикдан ўтказиш, улардан ҳам узоғи билан 15 йил фойдаланиш лозимлиги аниқ кўрсатилган. Шунингдек, метан газини шохобчада 200 атм. босим билан тўлдириш шарти қўйилган бўлса, суюлтирилган газ қуйиш меъёри баллоннинг 80 фоизи этиб белгиланган.
Транспорт воситаларини газбаллони билан жиҳозлаб берувчилар зиммасига ҳам қўшимча вазифалар юклатилган. Яъни устахона ҳудуди, биноси, ишлатиладиган асбоб-ускуналар, шунингдек, ишчи-ходимлар малакаси ҳам белгиланган талабларга тўла жавоб бериши шарт. Ҳар бир устахона лаборатория шаклида “Ўзстандарт” агентлигидан аккредитациядан ўтиши, кўрсатиладиган хизматлари жаҳон андозалари талабларига мос бўлиши керак.
Умумий техник регламент кучга кириши муносабати билан “O‘zbekpropanservis” уюшмаси томонидан республикамизнинг барча ҳудудида ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларда “Ўзстандарт”, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентликлари, “Саноатгеоконтехназорат”, “Ўздавнефтгазинспекция” давлат инспекциялари, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси мутахассислари қатнашиб, қарорнинг мазмун-моҳияти, тизимдаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот беришмоқда.
Буларнинг барчаси автомобилларга экологик жиҳатдан безарар, хавфсиз, иқтисодий томондан фойдали ҳисобланган замонавий технологияни қўллаш жараёнини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз. Зеро, соҳадаги янгиликлар замирида юртимиз табиий бойликларидан унумли фойдаланиш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш, келиб чиқиши мумкин бўлган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларнинг олдини олишдек эзгу мақсад мужассамдир.

Хайрулло ТУРСУНОВ,
«O‘zbekpropanservis» уюшмаси директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn