Пластик карточка: Фойдаланувчиларга қўшимча қулайликлар
  • 01 Март 2016

Пластик карточка: Фойдаланувчиларга қўшимча қулайликлар

Республика Марказий банки ва Ўзбекистон банклари ассоциацияси банклараро чакана тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатишда “сўм” пластик карточкалари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда банк ҳамда нобанк кредит ташкилотлари амал қилиши лозим бўлган тарифларнинг янги режасини ишлаб чиқди.

Бугундан кучга кирадиган янги тариф режасига кўра, банклар томонидан жисмоний шахсларнинг пластик карточкалари ҳисобварағидаги қолдиқ маблағларга ҳисобланадиган фоизлар Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси (9 фоиз)дан кам бўлмаган миқдорда белгиланди. Ваҳолонки, ҳозиргача пластик карточкадаги қолдиқ маблағлар тижорат банклари томонидан Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг йиллик 1 фоизи миқдорида капиталлаштирилар эди.
Эндиликда жисмоний шахслар пластик карточкаларининг (иш ҳақи, пенсия, нафақа, стипендия ва оилавий карточкалар, шу жумладан, корпоратив карточкалар) фойдаланиш муддати тугаганда қайта эмиссия қилишда (алмаштиришда) банк хизмати ҳақи ундирилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Шунингдек, банк эмитентидан қатъи назар, жисмоний шахснинг пластик карточкасидаги маблағлар бошқа бир жисмоний шахс пластик карточкасига ўтказилганда ёки кирим қилинганда банк хизмати ҳақи олинмайди. Оддий қилиб айтганда, банк мижози бошқа банк мижози бўлган шахс пластик карточкасига исталган ҳудудда пул ўтказиш имконига эга. Шу пайтгача бундай пул ўтказиш усули ҳам техник сабабларга кўра амалга оширилмас эди.
Бундан ташқари, янги тарифлар режасида тадбиркорлик субъектларига ҳам қатор қулайликлар яратилган. Масалан, улар учун корпоратив пластик карточка эмиссия қилинганда банк хизмати ҳақи Марказий банк расмий курси бўйича 5 еврогача пасайтирилди. Илгари бу миқдор мижоз билан келишув асосида 20 еврогача этиб белгиланган эди.
Янги тарифлардаги яна бир ўзгариш юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорнинг шикастланган ёки йўқотилган корпоратив карточкалари билан боғлиқдир. Аниқроғи, эндиликда яроқсиз ва йўқолган корпоратив карточкалар янгисига алмаштириб берилаётганда банк 10 еврогача (илгари 25 еврогача) хизмат ҳақи ундиради.
Мутахассисларнинг айтишича, банклар томонидан пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулайликларни кенгайтириш борасидаги изланишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

Д. УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn