Замонавий, улкан ва ноёб саноат объектлари иқтисодиётимиз равнақига хизмат қилаяпти
  • 26 Февраль 2016

Замонавий, улкан ва ноёб саноат объектлари иқтисодиётимиз равнақига хизмат қилаяпти

Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш борасида бажарилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ  эканлигини таъкидлади.

Зеро, жалб қилинаётган инвестицияларнинг катта қисми йирик ишлаб чиқариш объектлари қуриш, мавжудлари фаолиятини кенгайтиришга йўналтирилаяптики, бу ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини ошириш имконини бермоқда.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар жорий йилги Инвестиция дастури доирасида изчил давом эттирилиши, хусусан, Жиззах вилоятидаги цемент заводининг портланд цемент ишлаб чиқариш қувватини 1 миллион тоннагача етказиш белгилаб олингани қувонарлидир. 

Дарҳақиқат, бундан икки йил олдин қад ростлаган Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатига қарашли Жиззах цемент заводи нафақат мамлакатимиз, балки минтақадаги йирик ишлаб чиқариш субъектларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда тайёрланаётган маҳсулотга талаб тобора ортиб бораётир.

— Корхонамизнинг лойиҳа қуввати йилига 350 минг тонна оқ, 760 минг тонна портланд цемент тайёрлашга мўлжалланган, — дейди корхонанинг режалаштириш ва иқтисод бўлими бошлиғи Сирожиддин Қоржовов. — Ўтган йили  510,3 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаришни мўлжаллаган бўлсак-да, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланганимиз боис буюртмачиларга кутилганидан 110,3 минг тонна кўп қурилиш ашёси етказиб бердик. Муҳими, унинг бир қисмини экспорт қилишга ҳам муваффақ бўлдик.  

Яна бир эътиборга молик жиҳати, завод учун зарур бўлган асосий хом ашё — оҳактош корхонанинг шундоққина ёнида жойлашган Балиқлитоғдан олинаётгани маҳсулот таннархини турдош корхоналардагига нисбатан арзон бўлишини таъминламоқда. Айни пайтда 700 дан ортиқ ишчилар меҳнат қилаётган жамоада атроф-муҳит муҳофазаси ҳам доимий назоратга олинган. Яъни завод замонавий фильтрлар билан жиҳозланган бўлиб, атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар тўлиқ ушлаб қолинади.

Шу билан бирга, бу ердаги айланма печларнинг узунлиги одатдагилардан қисқалиги боис газ сарфи тежалиб, самарадорлик ошмоқда. Ишлаб чиқариш жараёни эса ўта замонавий, барча жараён компьютерлар орқали бошқарилади. 

Ҳозирги кунда Жиззах цемент заводида портланд цемент ишлаб чиқаришни бир миллион тоннага етказишга қаратилган лойиҳа ижросига киришилган. Бунинг учун “Элемент қурилиш” шуъба корхонаси жамоаси европалик ҳамкорлар билан биргаликда бунёдкорлик жараёнини олиб бормоқда.

— Лойиҳа иккинчи навбатининг қиймати 35 миллион  800 минг АҚШ долларига тенг, — дейди завод дирекцияси директори Ойбек Зуфтаров. — Уни белгиланган муддатларда амалга ошириш учун барча имконият сафарбар қилинган. Айни пайтда қурилиш ишларида қарийб 400 киши қатнашмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракати билан ҳозирги пайтгача кўзда тутилган тадбирларнинг 70 фоизи бажарилди. Аниқроғи, иккита кўндаланг тегирмон, цементни ҳаво ёрдамида ҳайдовчи тармоқлар ҳамда хом ашё етказиб берувчи линиялар бунёд этилаётир. Буларнинг барчаси иш унумдорлигини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз. Негаки, илгари портланд цемент ишлаб чиқариш учун оқ цемент тайёрлаш жараёнини тўхтатиб туришга тўғри келар эди. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, бунга ҳожат қолмайди. Ҳар икки линиядан баравар фойдаланиш  имконияти яратилади. Бундан ташқари, ҳар бири беш минг тонна сиғимга эга тўртта омборхона ҳам қурилаяптики, бу иншоот маҳсулотни сифатли сақлашда қўл келади. 

Мухтасар айтганда, мазкур лойиҳа туфайли Жиззах цемент заводи қуввати ошиши билан бирга, яна 90 кишининг бандлиги таъминланади. Юртимиз экспорт салоҳияти ортиб, иқтисодиётимиз бундан-да равнақ топади. 

Тожиддин ҚАМАРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Бекпўлат ТОҒАЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn