Маҳаллийлаштириш дастури самаралари
Версия для печати
  • 26 Февраль 2016

Маҳаллийлаштириш дастури самаралари

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва тармоқлараро cаноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий ўсишнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда кейинги йилларда мазкур йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ана шулар хусусида сўз юритилди.  

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чуқур қайта ишлашни босқичма-босқич ошириш баробарида, юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар тайёрлаш ҳажми ҳамда турини кўпайтиришда ички имкониятлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириши қайд этилди. Юртимизда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўтган 15 йил мобайнида импорт  ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажми 220 баробардан ошгани шундан далолат беради. 

Биргина 2015 йилда Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 696 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 4 триллион сўмни, импорт ўрнини қоплаш самарадорлиги эса 1,5 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди.  Бошқача айтганда, мазкур лойиҳалар шарофати билан нефть-кимё асбоб-ускуналари, трансформатор нимстанциялари, шахта ускуналари, турли эҳтиёт қисмлар, светодиод ёритқичлар, спорт анжомлари сингари 820 турдаги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилди.

Бундан  ташқари, маҳаллийлаштириш ҳисобига сўнгги икки йилда жами 97 та товар гуруҳининг импорти тўлиқ тўхтатилган бўлса, 306 та позиция бўйича импорт ҳажми 2 баробардан ортиқ қисқартирилди.

Ўз навбатида, бундай қулай шарт-шароит ва имкониятлар  дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунга айни пайтда республикамизда самарали фаолият юритаётган “MAN”, “CLAAS”, “Lemken”, “Toshiba”, “Candy”, “LG” ҳамда “Samsung” компанияларини мисол сифатида келтириш мумкин. 

Сўнгги вақтларда ички бозорни маҳсулотлар билан бойитиш қаторида уларни ташқи бозорга етказиб бериш номенклатураси ва ҳажми ҳам сезиларли даражада ортаётгани қувонарли ҳолдир. Ўтган йилда 25,1 миллион долларлик 52 турдаги янги маҳсулотлар экспорт қилингани, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида жорий йил учун маҳсулот етказиб бериш юзасидан 11,9 триллион сўмлик 13,3 мингта шартнома тузилгани фикримиз тасдиғидир.

Буларнинг барчаси саноат корхоналарининг барқарор ишлашини таъминлаш баробарида, иқтисодиётимиз равнақига хизмат қилаётгани айни муддаодир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn