Ҳавас қилса арзигулик натижалар
  • 26 Февраль 2016

Ҳавас қилса арзигулик натижалар

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётганига қарамасдан, ўтган йили юртимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари ва унинг макроиқтисодий мутаносиблиги таъминланди.

Бунда бошқа ҳудудларда бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам мазкур тармоқларни таркибий ўзгартириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш бўйича ишлар изчил давом эттирилгани муҳим омил бўлди. Натижада ялпи  ҳудудий  маҳсулот ҳажми 7,5 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7 фоиз, қурилиш-монтаж ишлари 11,7 фоиз ўсди.

Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, “...бошқалар ҳавас қиладиган бундай натижаларга эришиш, албатта, осон эмас. Бу йўлда бир йиллик ёки беш йиллик давр ҳам камлик қилади. Бундай мақсадларга эришиш учун сўзда эмас, амалий ҳаракатларимиз билан кундалик ҳаётимизни ўзгартиришимиз керак”. 

Дарҳақиқат, ана шундай тамойиллар асосида амалга оширилаётган босқичма-босқич ислоҳотлар туфайли иқтисодиёт рақобатдошлиги ортиб, турмушимиз кундан-кунга фаровон бўлиб бораяпти. Буни ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти мисолида чуқур ҳис қилиб турибди. Негаки, бугунги шарт-шароит билан аввалги ҳолатни кўз олдингизга келтириб, таққослаб кўрсангиз, ўртадаги тафовут ер билан осмонча эканига ишонч ҳосил қиласиз. Шу ўринда оддий бир мисол, илгари бутун бир қишлоқда саноқли машина ёки телевизор бўларди. Ҳозир-чи? 

Статистика маълумотларига қараганда, ҳар 100 оиланинг 42 таси енгил автомобилга эга, 47 та оила шахсий компьютер, 30 дан зиёди кондиционер билан таъминланган.  

Кейинги йилларда вилоятнинг, айниқса, саноат салоҳияти юксалиб, ички бозор импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдирилмоқда. Биргина ўтган 2015 йилда 25 турдаги янги саноат маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилди. Бунда “Имижтекстиль”, “Бухоро ламинант трейд”, “Селинг продакшн” масъулияти чекланган жамиятларининг салмоқли ҳиссаси бор. Гап шундаки, уларда қиймати 1,1 миллиард сўмдан 2,2 миллиард сўмгача бўлган бизнес лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Яна бир қувонарли кўрсаткич экспортда қўшимча қийматга эга товарлар ҳажми кўпайиб бораётганидир. Хусусан, ўтган йили экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури яна тўрттага ортиб, ҳудудий корхоналар томонидан 148,5 миллион АҚШ долларилик экспорт амалиётлари бажарилди. 

Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлидаги ишлар жорий йилда ҳам жадал давом эттирилаяпти. Биргина  сервис соҳаси йўналишида салкам 600 та бизнес-лойиҳа рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган. Бунинг эвазига 3795 та янги иш ўрни очилиб, уларга, асосан, касб-ҳунар коллежларини битирган йигит-қизлар жалб этилади.

Анвар ОЧИЛОВ,

вилоят иқтисодиёт бошқармасининг Саноат коммуникация тизимлари ва ахборот технологияларини ривожлантириш бўлими бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Истиқболли лойиҳалар Бизни жаҳон танийди »