Истиқболли лойиҳалар
  • 25 Февраль 2016

Истиқболли лойиҳалар

ички бозорни импорт ўрнини босувчи рақобатдош товарлар билан тўлдириш ҳамда ташқи бозорга чиқиш учун кенг йўл очишга хизмат қилади

Маҳаллий ишбилармонларимиз саноат корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнида ишлаб чиқариш тармоқларини тежамкор ускуналар билан жиҳозлашни маъқул кўришади. Негаки, бундай дастгоҳлар сарф-харажатларни иқтисод қилиш баробарида, маҳсулот таннархини арзонлаштириш ҳамда сифатини яхшилаш имконини беради.

Ана шу ҳолатлардан келиб чиқиб, Сурхондарё вилоятида ҳам саноат корхоналарини босқичма-босқич модернизациялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларда илм-фан ютуқлари асосида маҳаллий хом ашёни чуқур ва сифатли қайта ишлаш йўналишида қатор истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаяпти. 

Шеробод туманидаги “Тошпўлатов Баҳодир Жўраниёзович” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятида ҳам ана шундай янгиланишлар кўзга яққол ташланади. Гап шундаки, 2015 йилда банк томонидан ажратилган 100 миллион сўмлик кредит ҳисобига хўжалик қошидаги қайта ишлаш корхонаси модернизация қилиниб, энг илғор ва тежамкор дастгоҳлар билан жиҳозланди. Ҳозирги кунда бу ерда сметана, пастерланган сут, пишлоқ, кефир, қаймоқ каби неъматлар бежирим идишларда қадоқланиб, савдо шохобчаларига етказиб берилаётир. Қолаверса, эндиликда фермер-тадбиркор Баҳодир Тошпўлатов колбаса маҳсулотлари тайёрлашни ҳам йўлга қўйиш ҳаракатида. 

— Маҳсулотларимиз нархи турдошларидан бирмунча арзон, — дейди фермер. — Чунки хом ашё ўзимизда етиштирилаяпти.  Ихтиёримиздаги 120 бош қорамолдан 40 таси — соғин сигир. Қолаверса, чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз. 

Айтиш жоизки, вилоятда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни тўлақонли таъминлаш ва нарх-навонинг ўсишига йўл қўймаслик бўйича 2015 йилда 63,3 миллиард сўм маблағ ҳисобига 786 та лойиҳа амалга оширилиб, 6173 та иш ўрни яратилди. 

Бунда Бойсун туманидаги “Файз Рамз” кўп тармоқли фермер хўжалигининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Тадбиркор Фахриддин Маматов ташаббуси туфайли лойиҳа қиймати 420 миллион сўмлик тежамкор технологик линия фойдаланишга топширилгач, тоғли ҳудуд ёшлари доимий даромад манбаига эга бўлди.

Жумладан, ишлаб чиқариш тармоқларида модернизациялаш тадбирлари амалга оширилиб, намунавий лойиҳалар асосидаги тураржойлар учун кунига 15-20 минг дона ғишт етказиб бериш қувватига эга завод, профиль эшик ва ромлар  цехи, 6 турдаги колбаса тайёрлаш корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда хўжаликнинг сифатли маҳсулотларига ички бозорда талаб ошиб бормоқда.

Таъкидлаш керакки, ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришда ҳам тежамкор дастгоҳларнинг самараси юқори бўлаётир. Чунончи, яқинда Термиз шаҳридаги “Новофарм” қўшма корхонасида амалга оширилган технологик янгиланишлар бу ерда суюлтирилган дори-дармонлар тайёрлаш ўзлаштирилишига хизмат қилди. Натижада 50 та қўшимча иш ўрни юзага келиб, маҳсулотлар тури 20 тадан ортди. 

Қисқача айтганда, саноат тармоқларининг изчил ривожи ҳудудлар иқтисодий салоҳияти ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омилидир. 

Нормурод ТЕМИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn